Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зойир Мирзаев Оҳангарондаги "Саховат" ва "Мурувват" уйлари учун 3 миллиард сўм маблағ ажратишга кўрсатма берди
17:20 / 2022-06-15

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Оҳангарон туманидан ўтувчи А-373 автомобиль йўли бўйида қурилиши режалаштирилган мажмуавий лойиҳалар билан танишди.

Ўрганиш аввалида вилоят раҳбари мазкур туман марказида янгидан барпо этилган банк бинолари ҳамда кўп қаватли уйларда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Хусусан, мазкур объектлар атрофини ободонлаштириш, ушбу биноларни фойдаланишга топшириш ишларини қисқа фурсатларда якунига етказиш юзасидан шаҳар ҳокими ва мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 

Шундан сўнг, Оҳангарон марказий йўли бўйлаб тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш, туман инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан вилоят етакчисига маълумот берилди. Мазкур А-373 автомобиль йўлининг 114 километр узунликдаги масофаси бўйлаб автотураргоҳлар, савдо шохобчалари, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш кўзда тутилган. Йирик тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этган мазкур тақдимотда лойиҳаларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тингланди. Зойир Мирзаевга ҳудудда йирик ҳажмда сунъий тола ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш борасидаги ҳаракатлар хусусида ҳам маълум қилинди. 

Навбатдаги манзил Оҳангарон шаҳридаги "Саховат" ва "Мурувват" уйлари бўлди. Илгарироқ мазкур масканлардаги мавжуд аянчли шарт-шароитларни бориб кўрган вилоят ҳокими уларни тубдан ўзгартириш бўйича таклиф ва кўрсатмалар бергани ҳақида ҳам ёзган эдик. Шу асосда ҳозир муайян ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими мазкур масканларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аутсорсинг тизимини йўлга қўйиш, коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича ишларни кўздан кечирди. Ташаббускор тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар билан шу ернинг ўзида мулоқот қилиниб, галдаги вазифа ва режалар келишиб олинди. 

Шунингдек, бу ерда бошланган қурилиш ишларини якунига етказиш, юзага келаётган муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларнинг фикрлари тингланди. Эътиборлиси, Зойир Мирзаев режада белгиланган бунёдкорлик ишларини тез кунларда якунига етказиш учун талаб этилаётган 3 миллиард маблағни ажратиш юзасидан қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берди. Ҳудудлардаги ўрганишлар давом этмоқда. 

А.Мусаев,ЎзА.