Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зойир Мирзаев: Оҳангарон туманида қиладиган ишлар кўлами катта – асосийси, стратегия ва олинган марра тўғри (+видео)
17:36 / 2026-02-14

Президент ташрифидан сўнг...

Тайёр, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқараётган, янги бозорларни забт этишга қодир замонавий корхоналар кўпайиб бораётгани – Янги Ўзбекистон саноат сиёсатининг яққол натижасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев кеча Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташриф буюриб, электротехника саноати технопаркидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Шу ерда тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ташрифдан сўнг, Тошкент вилояти ҳокими Зойир МИРЗАЕВ ЎзА мухбирига интервью бериб, давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлашда аниқ механизмлар кўрсатилгани, ечимини топмаган бирор бир масала, муаммо қолмаганини қайд этди:

– Янги Ўзбекистон шиддати билан солиштирадиган бўлсак, Оҳангарон тумани имкониятлари ўзимизни ҳам қониқтирмайди. Давлатимиз раҳбарининг йиғилишда билдирган эътирозлари ўринли бўлди. Чунки, туман иқтисодиётда ҳали ўз ўрнини топа олган эмас. Бор имконият, захирадан фойдалана олмаяпмиз, – деди Зойир Мирзаев.

Саноат зонаси, Ангрен билан туташган ҳудуд – ҳаммасини умумлаштирадиган бўлсак, 280 гектардан зиёд саноатлашиш мумкин бўлган майдонлар бор эди. Бугун биз 280 гектардан 160 гектарига эгалик қилдик, яъни инвестор топдик. Энди буёғига ақл билан ёндашиб, юқори технологияли компаниялар, инвесторларни жалб қилишимиз керак бўлади.

Маҳсулот бозорда ўрнини топиб, рақобатбардош бўлиши кераклиги айтилди. Эртага пироварида 1 долларнинг устига қўшилган қиймат, яъни маҳсулот ишлаб чиқариш учун киритилаётган бир доллар инвестициядан келадиган қўшилган қиймат қанча бўлади, бир гектар ерга киритиладиган инвестиция суммаси қанча-ю, пировард қанча?, деган ўринли савол қўйилди. Ушбу масалаларда Оҳангарон туманида қиладиган ишларимиз кўлами катта. Энг асосийси, стратегия, йўлимиз ва олинган марра тўғри.

Йиғилишда Тошкент вилоятининг 2026 йилда олган марралари, унда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Биз бир ой олдин қилган ҳисоб-китобларимизда 2026 йил ялпи ҳудудий маҳсулот даражаси ўсиш даражасини 7 фоизга оширишни режалаштиргандик. Охирги бир ҳафтада таҳлил қилинди: вазирлик, идоралар, илмий муассасалар ва вилоятдаги ислоҳотлар штаби ишлади, ёрдам берди. Натижада рақамларимиз 9,1 фоиз ўсиши имконияти мавжудлигини тушундик.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда барча масалалар ечимини аниқ мезанизмлар билан кўрсатиб бердилар.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EmnzqbSctrU" title="Zoyir Mirzaev: Ohangaronda qiladigan ishlar ko`lami katta –strategiya va olingan marra to`g`ri " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Улуғбек ТЎХТАЕВ (видео),

ЎзА