English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зойир Мирзаев: “Коррупцияга қарши фақат оқибатлар билан эмас, сабаблар билан ҳам курашиш керак”
15:28 / 2022-04-18

Тошкент вилояти ҳокимлигида коррупцияга қарши курашиш, унга сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилиш, ҳар қайси даражадаги раҳбарларнинг мазкур масалада шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошқарган йиғилишда вилоят, туман ва шаҳарлардаги секторлар, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари вакиллари қатнашди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари тарафидан вилоятдаги коррупцион ҳолатлар, туман-шаҳарларда турли тизимлар мансабдор шахслари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида аниқланган таниш-билишчилик, таъмагирлик, мансаб сохтакорлиги, хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш оқибатида юз берган жиноий ҳолатлар ҳақида маълумот берилди.  


Мавжуд вазият юзасидан банк-молия, қурилиш, соғлиқни сақлаш, коммунал соҳа тизими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Тизимда назоратни сусайтириб юборгани, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда шахсий ташаббус ва масъулият етишмаётгани сабабли вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Элмурод Пўлатов, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Абдуҳаким Сативалдиевнинг хизмат вазифасига лойиқлиги масаласи кўриб чиқиладиган бўлди. 

– Коррупцияга қарши фақат оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашиш керак, – дейди Зойир Мирзаев. – Мен жуда узоқ ўйлаб, мавжуд вазиятларни кузатиб, вилоятда коррупция ҳолатларини келтириб чиқараётган ўнлаб омилларни ўзимга белгилаб олдим. Ҳар бир раҳбарнинг мана шундай асосли хулосалари бўлиши керак. Тиббиёт, банк, таълимда ишга қабул қилишда шаффофлик етишмаяпти. Айрим маҳаллий ҳокимлар ерларни узоқ вақтгача заҳирада ушлаб туришга интилаяпти, давлат активларини бошқариш, давлат муассасалари ерларини осонгина ўзлаштириб юбориш ёки эгаллаб олиш, банк кредитлари ажратишда таъмагирлик, буларнинг ҳар бири пировардида коррупцион жиноятларни келтириб чиқармоқда.  
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги долзарб вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бундай таҳлиллар ҳафта мобайнида ҳар бир тизим бўйича ўтказилиши, коррупцион ҳолат ва шунга шароит туғдириши мумкин бўлган вазиятларни атрофлича муҳокама қилиш белгиланди.

А.Мусаев, ЎзА