Зойир Мирзаев: коронавирусга қатъий чоралар кўрилмоқда
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссияси томонидан амалга оширилаётган вазифалар белгилаб олинди.
Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри олдида ташкил этилган тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссияси томонидан амалга оширилаётган вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидландики, аҳоли яшаш манзиллари кўчалар, бозорлар ва кўп қаватли уйлар йўлаклари ва атрофини дезинфекциялаш мақсадида ҳар бири 5 тадан пуркагич аппаратлари билан таъминланган 62 махсус гуруҳлар ташкил қилинди.
Гуруҳлар таркибига кўплаб ҳарбийлар, 60 нафар фавқулодда вазиятлар бошқармаси, 65 нафар ички ишлар бошқармаси, 30 нафар санитария мутахассислари жалб қилинди.
Дезинфекция ишлари учун 3 тонна хлор, 70 дона махсус ҳимоя кийимлари, 310 дона пуркагич аппаратлари ва 40 дона кичик сув идишлари тўпланди.
Катта йўллар ва майдонларни дезинфекциялаш ва махсус гуруҳларга дезинфекция растворларини тайёрлаш учун вилоятдаги корхона ва ташкилотларнинг 36 дона сув ташиш техникалари жалб қилинди.
Вилоят ҳудудидаги умумий овқатланиш нуқталари, кафе, бар ва тўйхоналарнинг фаолиятини тўхтатишни назорат қилиш ва тезкор қонуний чоралар кўриш мақсадида, вилоят санитария назорати инспекцияси тасарруфига 20 дона “Damas” машинаси ажратилди ва 40 нафар инспектор жалб қилинди.
Вилоят ҳудудидаги 60 ёшдан ошган, эхтиёжманд, сурункали касалликка чалинган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга озиқ-овқат махсулотлари, ҳимоя ва гигеник воситалар тўплами тайёрланмоқда. Ҳозирда 441 нафар рўйхат тайёр. Эртадан бошлаб бу маҳсулотларни ҳарбийлар томонидан етказиб бериш бошланади.
Шунингдек, тадбир давомида вилоятдаги бозорларда нарх-навонинг сунъий кўтарилишини олдини олиш мақсадида - четдан картошка олиб келиш бошлангани таъкидлаб ўтилди. Жумладан, 26 март куни дастлабки 2 вагон картошка етиб келган ва бу жараён давом этади. Олдин кунига 650 тонна ун чиқарилган бўлса, эндиликда кунига ўртача 940 тонна ун биржа савдоларига қўйилмоқда, бир килограмм уннинг нархи 2 минг 500 сўм, бир халтаси эса 125 минг сўм бўлса, сотилиши харажати билан ўртача 15 сўм қўйилганда бир халтаси 135-140 минг сўмдан сотилиши кўзда тутилмоқда.