Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зойир Мирзаев: Энг ёмони – назорат ҳам охирига етказилмайди
18:12 / 2021-04-05

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев туманларда келгусида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан жойига бориб танишмоқда. Ғузор, Қамаши, Касби туманларида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда сектор раҳбарлари ва вилоят ташкилотлари қатнашиб, ҳудудда 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Гап шундаки, ҳар йили ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар тақдим этилади, аммо пухта-пишиқ ишлаб чиқилмаслиги боис, баъзилари қайсидир босқичга етганда тўхтаб қолади, баъзилари эса бошланмасдан тугайди. Вилоят раҳбари лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди ва кўпчилик вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарларини танқид қилди.  

– Раҳбарлар берган топшириқларини назорат қилишни ҳам ўрганиши керак, – деди вилоят раҳбари. – Бошлиқ бўлимга, бўлим бошлиғи мутахассисига, мутахассис ёрдамчи мутахассисига ўтказади. Энг ёмони – назорат ҳам охирига етказилмайди. Натижада аҳолига бугунги ўзгариш ва имтиёзлар етиб бормаяпти.  

Маълумотларга кўра, жорий йилда Касби туманига 46 миллиард 844 миллион сўм маблағ оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилади.  

Хизмат кўрсатиш йўналишида амалга ошириладиган лойиҳалар сони эса 24 тани ташкил этади. Сарфланадиган 19,3 миллиард сўм маблағ эвазига 83 та янги иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда. Ҳудудда янгидан 520 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилади.  

Касби тумани ҳудудида жами 1 минг 182 километр узунликдаги автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан умумфойдаланувдаги автомобиль йўллар 205 километрни, ички хўжалик йўллари 977,1 километрни ташкил этади. Жумладан, 0,6 километр бетон қопламали йўллар, 487,7 километр асфальт қопламали йўллар, 212,7 километр шағал йўллар, 481,1 километр тупроқ йўлларни ташкил қилади. Бугунги кунда туман бўйича жами 533,7 километр яъни 54,6 фоиз автомобиль йўллари таъмирталаб аҳволда.  

Шу боис Касби тумани бўйича 2021 йилда автомобиль йўллари ва кўприкларини таъмирлаш ишларига жами 19 миллиард 916 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кузда тутилмоқда.  

Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда Касби тумани истеъмолчиларига ичимлик суви етказиб бериш кўрсаткичларини сезиларли даражада кўтариш режалаштирилмоқда. Хусусан, туман бўйича 19 миллиард 659 миллион сўм маблағ ҳисобидан 67,1 километр сув тармоқлари қуриш ва модернизация қилиш ишлари олиб борилади. Шундан, 10 миллиард 620 миллион сўм маблағ эвазига Комилон МФЙ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун 1 дона сув иншооти ва 15,6 километр ичимлик суви қувури тортилади. 5 миллиард 199 миллион сўм маблағ эвазига Майманоқ МФЙ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун 1 дона сув иншооти ва 35,5 километр ичимлик суви қувури тортилади. Шунингдек “Обод қишлоқ” дастури доирасида Фазли МФЙ ҳудудига 2 миллиард 640 миллион сўм маблағ ҳисобидан 11 километр янги тармоқ, Қамаши МФЙ ҳудудига 1 миллиард 200 миллион сўм 5 километр янги тармоқ тортилади. Бунинг натижасида 54 минг 499 нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланиб, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши 36 фоизга етади.

Шунингдек, Касби тумани “Муғлон” МФЙ ҳудудида 1 гектар ер майдонида қиймати 1,7 миллиард сўм бўлган Ёшлар кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 31 та янги иш ўринлари яратилади.  

Вилоят раҳбари масъулларга фуқаролар мурожаатларига ҳам жиддий қараш кераклигини таъкидлади.

– Қайси ҳудудга борсам ўша ҳудуддан такрорий мурожаат йўллаган фуқаролар мурожаатларини олиб бораман, – деди Зойир Мирзаев. – Қамаши туманида ўтказилган учрашувда ҳам онлайн ва Виртуал қабулхонага мурожаат йўллаган фуқароларни ҳам чақиртирдим. Масъуллар билан юзма-юз қилдим. Мақсадим – қонуний ечимга эга ҳар бир мурожаат қаноатлантирилиши керак. Асоссиз мурожаатларни ҳам раҳбар фуқарога ётиғи билан тўғри тушунтирса, тушунади.  

Маълумот ўрнида, Касби туманида ўтказилган тақдимот сўнгида ҳам вилоят ҳокими ўзи билан олиб келган Виртуал қабулхонага ва онлайн платформага такрорий мурожаат йўллаган фуқаролар билан учрашиб, масъуллар иштирокида ечим излади.

Ў.Баротов, ЎзА