Президентимиз томонидан хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Бу эса мазкур йўналишнинг долзарблиги ва давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этаётганидан далолат беради.
Шу муносабат билан “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида, 2025 йил 21 ноябрь куни Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон Миллий мусиқа саънати институтида “Зўравонликсиз аёл — бахтли оила, хотиржам жамият” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳузуридаги хотин-қизлар бўйича ўринбосар, диний уламолар ҳамда соҳага оид бошқа мутахассислар иштирок этди.
Иштирокчилар хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, уларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, аёллар зўравонлик, босим ёки оилавий келишмовчиликларга дуч келган тақдирда қайси ташкилотларга мурожаат қилиши, уларга қандай ёрдамлар кўрсатилиши борасида ҳам атрофлича тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида зўравонлик мавзусига бағишланган видеоролик ҳамда саҳна кўриниши намойиш этилди. Ушбу чиқишлар жамиятда мазкур масалага эътибор кучайтирилиши зарурлигини яна бир бор ёдга солди.
Шу каби тадбирлар аёлларнинг ўз ҳуқуқларини билиши, ўзини ҳимоя қила олиши ва жамиятда зўравонликка мутлақо тоқат қилинмаслиги ҳақидаги тушунчани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3Ib1KOqyTS0" title="Zo‘ravonliksiz ayol — baxtli oila, xotirjam jamiyat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА