Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зўравонликнинг сабабларини ўрганиш ва олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш зарур
10:36 / 2022-12-23

Тошкентда “Хотин-қизлар ҳуқуқларини қонунчилик даражасида таъминлаш механизмини такомиллаштириш – Омбудсман, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг устувор вазифаларидан биридир” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги  (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси аъзолари, Омбудсман минтақавий вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ва журналистлар иштирок этди.  

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳаёти давомида учта аёлдан бири тазйиқ ва зўравонликка учрайди.  

Тадбирда қайд этилишича, мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, оилада юксак даражадаги маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган.  

[gallery-10053]

Шунга қарамай ижтимоий тармоқлар орқали хотин-қизларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик, руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказилаётгани билан боғлиқ нохуш хабарлар кўп тарқалмоқда.  

Бу эса Омбудсман жамоаси, фуқаролик жамияти институтлари ва журналистлар ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.  

– Бугунги семинарда оилавий масалалар, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида фикр юритилди, – дейди Омбудсманнинг Хоразм вилояти бўйича минтақавий вакили Одилбек Аллаёров. – Бу масалалар ҳақиқатан жуда долзарб. Бизга мурожаат этувчиларнинг кўпчилигини ҳам эр-хотиннинг ўзаро келиша олмаслиги, алимент ундира олмаслик каби муаммолар ташкил этади. Мурожаатларни қонун доирасида ҳал қилишга ҳаракат қилиб келяпмиз. Семинар давомида аёллар зўравонликка учраганда қандай йўл тутиши керак, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимояси, психологик ёрдам ташкил этиш каби жуда кўп маълумотларга эга бўлдик. Бу амалиётда янада самарали фаолият кўрсатишимизга кўмак беради.  

Семинар-тренингда оиладаги зўравонликнинг асосий сабабларини ўрганиш ва уларнинг олдини олиш бўйича механизмларни ишлаб чиқиш, жабрланганларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш бўйича муҳокамалар ўтказилди.  

 

Н.Абдураимова,

ЎзА