Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида «Оила мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасиз муҳитни яратиш» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур конференция ҳар йили 25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунидан бошлаб 10 декабрь — Инсон ҳуқуқлари кунига қадар дунё бўйлаб ўтказиладиган “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик” глобал кампанияси доирасида ташкил этилди.
Жорий йилда БМТ томонидан ушбу кампания “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” мавзусида ўтказилиши белгиланган.
Шу муносабат билан 2025 йил 24 ноябрь куни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси бошчилигида ҳамда БМТ тузилмалари ҳамкорлигида мамлакатимизда мазкур кампанияга расман старт берилган эди.
«Оила мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасиз муҳитни яратиш» мавзусида ўтказилаётган тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш бўйича илғор илмий-амалий тажрибаларни муҳокама қилиш, ислоҳотларни илмий асосда таҳлил этиш, давлат сиёсати ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳалари кесимида амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
[gallery-26471]
Тадбирда хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан, хусусан, рақамли макондаги таҳдидлардан ҳимоя қилашга оид ишлар муҳокама қилиниб, зўравонликка қарши кураш узлуксиз жараён экани таъкидланди.
Шу билан бирга, айрим зарарли стереотиплар жамиятда урф-одат сифатида талқин қилиниши мумкинлиги, аммо инсон ҳуқуқларини бузадиган бундай тасаввурларни бартараф этиш муҳим вазифа экани айтилди.
Иштирокчилар мамлакатимизда оиладаги зўравонликни жиноят деб белгилаш, ҳимоя хизматларини кучайтириш каби ислоҳотлар рақамли зўравонликка қарши кураш учун муҳим асос эканини таъкидлаб, рақамлашув суръатлари ортиб боргани сайин қонунчилик ва хизматлар тизимини ҳам изчил такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.
Муҳокамалар доирасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда замонавий ёндашувлар, рақамли технологиялар орқали содир этиладиган киберзўравонлик профилактикаси масаласига эътибор қаратилди. Оилавий-маиший зўравонликнинг криминологик ва виктимологик жиҳатлари, кризис марказлари фаолияти, жамиятда зўравонлик ва камситишга муросасиз муносабатни шакллантиришнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд тизимида “жазо муқаррарлиги” тамойилини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, оилалар барқарорлигини мустаҳкамлашда профилактиканинг муҳим йўналишлари — психологик маслаҳатлар, никоҳ олдидан оилавий ҳуқуқ ва масъулият бўйича ўқувлар, «Зўравонликка муросасиз муҳит» тамойилини жамиятда қарор топтириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари рақамли маконларни барча хотин-қизлар учун хавфсиз, соғлом ва имкониятлар яратадиган муҳитга айлантириш мақсадида мувофиқлаштирилган ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини қайд этиб, рақамли зўравонликка қарши курашиш бўйича таклиф ва ташаббусларини ҳам билдирди.
Якунда муҳокамалар натижаси бўйича хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА