Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зўравонликка учраган 200 нафар хотин-қизга “Ҳимоя ордери” олиб берилган
17:34 / 2024-02-05

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда бандлигини ошириш, ажримларнинг олдини олиш борасидаги ишлар тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, партия тизимида хотин-қизлар билан ишлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам маълумот берилди.  

Қайд этилганидек, партия сафидаги 620 мингдан ортиқ аъзоларнинг 52 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 61 фоизини аёллар ташкил этади. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга “Адолат” СДПдан 828 депутат сайланган бўлиб, уларнинг 257 нафари аёллардан иборат. Партияга аъзо бўлган хотин-қизларнинг 19 нафари “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндорлари. Бу кўрсаткичлар, мамлакатимизда аёлларнинг партияларга бўлган ишончи ортаётганидан далолат беради.  

Хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида ўтган йилда зўравонликка учраган 200 нафар хотин-қизга “Ҳимоя ордери” олиб берилди. Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ хотин-қизлар касбга йўналтирилган. Тиббий кўриклар ташкил этилиб, 20 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилди.  

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг муаммолари юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига партия депутатлик гуруҳлари томонидан 62 та масала киритилиб, аёллар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 1 минг 677 нафар ишсиз хотин-қизнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди.  

Тадбирда зўравонликка учраган хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ишларни “Адолат” партияси ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида олиб бориш ҳар икки томонга ҳам манфаатли экани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА