English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Зўравонликка қарши 16 кунлик”: 935 та оиладаги низо бартараф этилган
15:20 / 2023-12-11

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали аёллар, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари хусусидаги кўплаб маълумотлар кенг тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Қонунчиликда Ўзбекистонда фуқароларни зўравонликдан ҳимоялаш, ҳар қандай зўравонликка муносиб жазо тайинлаш белгилаб қўйилган. Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар ҳолатларининг олдини олишнинг кучли тизими яратилган.  

Бундай турдаги ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган. Шунингдек, оиладаги зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлиги қайд этилган. Аммо шунга қарамасдан, жорий йил давомида 22 минг нафардан ортиқ тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Қайд этилган ҳолатларнинг 84,7 фоизи оилаларда содир этилган.  

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилишича, “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” мавзусидаги “Зўравонликка қарши 16 кунлик” туркум тадбирлар доирасида 9 минг 410 та маҳаллада, 10 минг 8 та таълим муассасасида, 7 минг 845 та ташкилот ва идорада тарғибот тадбирлари ташкил этилган.  

Тадбирлар доирасида 5 минг 711 нафар нотинч ва зўравонлик содир этилган оиладаги муҳит ва ижтимоий ҳолати ўрганилган, жабрланган хотин-қизлар билан ишлашнинг индивидуал режалари тузиб чиқилган. Мазкур тадбирлар давомидаги ўрганишларда зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг 2 минг 204 нафарига психологик, 585 нафарига юридик, 811 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, 935 та оиладаги низо бартараф этилган.    

Миллий қонунчиликка киритилган энг муҳим ўзгартиришлардан бири Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга берилган даъволар юзасидан давлат божи тўлашдан озод қилинган. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида шу кунга қадар ўтказилган суд жараёнида 15 нафар хотин-қиз кафиллик асосида муддатидан олдин  жазодан озод этилган.  

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида вақтинча реабилитацияда ётган, ҳимоя ордери олган, “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий қилинди. Маҳаллаларда нотинч оилалар, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ва уларнинг фарзандлари учун “Бахтли болалик” шиори остида Арт-терапия усулида психологик тренинглар ташкил этилди.  

Ҳар қандай кўринишдаги зўравонлик инсон ҳуқуқларига путур етказади. Зўравонлик содир этганларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ муқаррар жазо белгилаш, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш эса бугуннинг энг долзарб мавзусидир.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА