English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зўравонликдан жабрланган аёллар ва болалар ҳимояси янада кучайтирилади
13:42 / 2026-01-06

Парламент қуйи палатаси мажлисида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳақида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари С.Абдуллаев батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Инсон” ижтимоий марказлари, реабилитация ва мослаштириш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга кўмак берилмоқда.  

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда мавжуд айрим бўшлиқлар зўравонликдан жабрланган шахсларга кўмак беришда тўлиқ ҳуқуқий механизмларни таъминлашни талаб этяпти.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда аёлларни реабилитация қилиш марказларига зўравонликдан жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ва суд мажлисларида уларнинг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, жабрланувчилар махсус марказларда бўлган даврда иш жойи ва лавозимини сақлаб қолиш кафолатланмоқда. Бундан ташқари, марказларда турган аёлларга 1 ойгача бўлган муддатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириш назарда тутилмоқда.  

Бундан ташқари, миллий қонунчиликка “боланинг энг устун манфаатлари” тушунчасини киритиш орқали болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий асослар такомиллаштириляпти.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади.  

Муҳокамаларда депутатлар томонидан бир қатор савол ва таклифлар ўртага ташланди. Қонун лойиҳасидаги нормалар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг фарзанларини янада қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА