Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зўравонликдан жабр кўрган аёлга «сабр қил», дейиш эмас, ёрдам бериш зарур
10:19 / 2022-12-07

Оилада зўравонликни бошдан кечирган аёл кўп ҳолларда сабр қилиши талаб этилади. Аммо «сабр қил», дейиш билан иш битмайди. Жабр кўрган аёлга шифокор, психолог, ички ишлар ва профилактика инспекторлари, маҳалла вакилларининг ёрдами жуда ҳам зарур. Ушбу ташкилотларнинг бирлашувидан ёрдам олган аёлнинг ҳаётга, турмушга, жамиятга қайтиши жуда катта аҳамият касб этади.

Юртимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, 2019 йилда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун адолат тизимининг хотин-қизлар ҳуқуқларига бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди ва белгиланган янги кафолатларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ ҳаракатлар белгилаб берилди.  

Жаҳонда 1991 йилда бошланган Хотин-қизларнинг глобал раҳбарлик Маркази томонидан «Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик» кампанияси мувофиқлаштирилган бўлиб, ҳар йили 25 ноябрь – «Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни»дан бошлаб 10 декабрь – «Инсон ҳуқуқлари куни»гача давом этади. Ушбу акцияга дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакатида старт берилган.  

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан ҳам «Зўравонликсиз оила – фаровон ҳаёт сари» мавзусидаги «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик» туркум тадбирларни амалга ошириш бошлаб юборилган.  

Ана шундай тадбирлардан бири «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти биносида олий таълим муассасалари вакиллари, маҳалла фаоллари иштирокида бўлиб ўтди. Унда «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан тайёрланган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича монография ва услубий қўлланмалар тақдимоти ўтказилди.  

— Ҳар қандай китоб қийинчиликлар, машаққатлар туфайли бунёд бўлишини яхши биламиз. Аммо биз ёзаётган мана шу китоблар зўравон ота-оналар, зўравон қайнонаю келинлар, зўравон эркаклар қўлига етиб боряптими? Менимча йўқ. Биз бу китобларни ана шундай одамлар қўлига етиб бориши, ўқиб, хулоса чиқариши учун тарғибот ишларини янаям кучайтиришимиз зарур, — дейди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева.  

Мазкур тақдимотни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишдир. Шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, гендерга асосланган зўравонликка чек қўйиш, мамлакатда ва бутун жаҳонда тенгсизликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли режани амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган сиёсатни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.  

Тадбир доирасида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга психологик, услубий қўлланмалардан иборат 5 та китоб тақдимоти бўлиб ўтди.  

 

 

Н. Раҳмонова, ЎзА