Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зўравонлик учун педагогни ўз фаолиятидан четлатишга оид норма эътирозларга сабаб бўлди
13:24 / 2025-12-17

Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасида таълим ташкилотида болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар зиммасига юклатилган шахс томонидан тарбия ва таълим бериш жараёнида болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги шаҳодатланганлиги тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбурияти юклатиляпти.  

Васий ёки ҳомий ўз яшаш жойини ўзгартирмоқчи, шу жумладан бошқа мамлакатга кўчиб кетмоқчи бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва васийликка олинган 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб этилиши белгиланмоқда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган  алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари вакилининг иштироки белгиланяпти.

Шу билан бирга, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ота-она ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитация қилиш учун қилинган қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш ҳақида киритилган аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилмоқда.

Шунингдек, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси яшайдиган жойга  рўйхатга қўйганда ҳам давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф этилмоқда.

Таъкидландики, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар томонидан айрим нормаларни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилган эди. Уни иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида масъул қўмитада барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг асосли деб топилгани ҳужжат матнида акс эттирилди.

Муҳокамаларда бир қатор саволлар, таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.  

Хусусан, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров тарбия ва таълим бериш жараёнида болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилганлиги учун педагог бир йил давомида педагогик фаолиятдан четлатилиши нормасига қарши эканлигини билдирди.  

“Масалан, ўқитувчи ўқувчига икки баҳо қўйгани учун ҳам болага руҳий босим ўтказилди, деган важ билан уни жавобгар қилиш мумкин. Болага нисбатан зўравонликка, ўқувчини уришга, таҳқирлашга қаршимиз. Лекин ўқитувчи ўқувчига бирор танбеҳ бергани учун ҳам жавобгар бўлиб қолаверса, мактабда ким ишлайди, таълим тизимидаги ислоҳотларимиз қандай натижа беради!? Бу ўқитувчининг мақомига оид қонунчилигимизга, ўқитувчининг шаъни ва қадрини ҳимоялашга оид конституциявий нормага зид бўлмайдими” деган масалани кўтарди.  

Бунга жавобан лойиҳа ташаббускорлари бу каби ҳолатлар суд тартибида кўриб чиқилишини, ушбу норма ваколатли идоралар билан батафсил муҳокама қилиниб, маъқулланганини маълум қилди.  

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили болага нисбатан зўравонлик ҳолати агентлик вакиллари, психологлар томонидан бола билан суҳбат ўтказилганидан кейин, оқибатлари ўрганилганидан сўнг суд тартибида кўриб чиқилишини билдирди.  

Айнан ушбу норма акс этган модда депутатларнинг эътироз ва муҳокамаларига сабаб бўлди ва қабул қилинмади. Шу ва ушбу норма билан боғлиқ бўлган нормаларни қайта кўриб чиқишга келишилиб, қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА