Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зўр келганда зўравон ҳам зўриқади...
11:50 / 2021-06-22

«Мен умрим мобайнида оилам, бола-чақам деб яшадим. Қурбим етганича уларнинг барча эҳтиёжларини қоплаш ва орзу-истакларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилдим. Албатта, бу менинг оталик бурчим эди. Лекин бугунга келиб кексайиб қолганимда ўзим шу оилага сиғмай қолдим. Мен эшитмаган ҳақорат, мен кўрмаган тазйиқ қолмади»...

Афсуски бугунги кунда гоҳ ижтимоий тармоқларда, гоҳ иш фаолиятимиз мобайнида ҳам ана шундай ҳолатлардан азият чекаётганларга тез-тез дуч келадиган бўлиб қолдик. Нега?.. Табиийки, бундай жараёнлар ҳар қандай кишини ўйлантириб қўяди. Наҳотки бунинг халқимиз, миллатимиз маънавияти учун ниҳоятда оғриқли ҳол эканлигини яхши англамаймиз...

Масалага ҳуқуқий томондан ёндашадиган бўлсак, 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 1-моддасида «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак» деб белгилаб қўйилган.

Шу ўринда ҳақоратлаш, зўрлаш, қийнаш, руҳий жиҳатдан азоб бериш, жисмоний куч ишлатиш каби ҳолатлар зўравонликнинг асосий кўринишлари сифатида баҳоланади. Агар оила аъзоларидан бири оила аъзосининг бошқа вакилига нисбатан тазйиқ ўтказса бу оилавий зўравонлик деб тушунилади. Мазкур омиллар оилани парокандаликка олиб келувчи салбий иллатлар ҳисобланади. Шу боис, бундай ҳолатларни ҳеч қандай шароитда на қонун олдида ва на инсонийлик фазилатлари мисолида оқлаб бўлмайди. Айтиш керакки, Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш (97-модда), ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда), ўзини ўзи ўлдиришга ундаш (1031-модда), қасддан баданга оғир (104-модда), ўртача оғир (105-модда) ҳамда енгил шикаст етказиш (109-модда), қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда), номусга тегиш (118-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-модда), ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (123-модда), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), одам савдоси (135-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда), зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш (138-модда) каби моддаларида назарда тутилган жиноий ишларга йўл қўйган ва содир этган шахсларга нисбатан тегишли тартибда жавобгарлик чораларини кўриш масаласи назарда тутилган.

Одатда ушбу жараёнларнинг суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўриб чиқилиши масаланинг сўнгги босқичларига тўғри келади. Аслини олганда бундай вазиятларга чек қўйиш ёки уларнинг олдини олиш жамиятдаги барча мутасадди ташкилотлар, ўз ўрнида ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳисобланади. Хўш, бу борада мамлакатимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Айтиш муҳимки, сўнгги йилларда республикамизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариши учун зарурий шарт-шароитларни яратиш, ҳуқуқий, шу билан бирга қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бундан ташқари, оила институтини мустаҳкамлаш ишларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда ва бу борадаги тизимли фаолиятлар кенг кўламда амалга оширилмоқда. Хусусан, Бош қомусимизнинг 44-моддасида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги белгилаб қўйилганлиги уларнинг тенг ҳуқуқлар асосида илм олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш, хизмат пиллапояларидан кўтарилиш, ижтимоий-сиёсий ва маданий соҳаларда эркин фаолият кўрсатишига имконият беради. Қолаверса, Президентимиз томонидан 2019 йил 2 сентябрда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 561-сон Ўзбекистон республикасининг қонуни имзолангани ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январда қабул қилинган «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2-сон қарорига асосан, «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали юртимиздаги хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид фаолиятлар тамомила янги босқичга олиб чиқилди. Агар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келишини инобатга олсак, давлатимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмаслигини тушуниш у қадар қийин эмас, албатта.

Шундан келиб чиққан ҳолда Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси ҳамда судьялари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳрида мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр учрашувлар ўтказилиб, «Аёллар дафтари»га киритилган жами 204 нафар хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Уларнинг мавжуд муаммоларини қонунда белгиланган тартибда ҳал этиш механизмлари тўғрисида таклифлар берилди. Шунингдек, фаолият давомида аҳолининг кенг қатламига жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий тазйиқ ва зўравонликлар, улардан ҳимояланиш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг тушунчалар бериб борилмоқда. Мавзуга доир ҳолатлар аниқланганда, қонунда белгиланган тегишли тартиблар асосида чоралар кўриб келинмоқда. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш йўлга қўйилган.

Маълумот ўрнида: ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёл ёки бу ҳақида хабардор бўлган учинчи шахс (қўшни яқин қариндошлар) яшаш ҳудудидаги ҳуқу-тарғибот органларига ариза билан мурожаат қилади. Ҳудудий профилактика инспектори жабрдийданинг яшаш шароитини ўрганиб чиқиб, 24 соат муддатда ордер бериш масаласи ҳал қилинади.

ЭЪТИБОР БEРИНГ!

Иқтисодий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни, аввало, оиладан бошлаш зарур. Зеро, оила аталмиш муқаддас қўрғонда ким қандай тарбия топса, ватан, миллат, юрт равнақига ҳам айни шундай нигоҳ билан боқиши аллақачон ҳаётимизда ўз исботини топиб бўлган.

Ғолиб Давлатов,
Тошкент туманлараро маъмурий суди раиси.

Баҳодир Холмонов,
судья.

Нодир МАХМАРАСУЛОВ,
судья ёрдамчиси.