Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зоминтоғнинг томирида садо берган сўзим менинг...
20:11 / 2021-07-04

Зомин тоғларининг юлдуз ўпар арчаларига боқиб, юрагим юлдузлар каби жимирлаб кетса, Ўриклисойнинг шовуллашидан тошиб-тошиб, тўлқинланиб кетди. Ҳайратларим, қалбим торларига тегиб садо берди, сўзимдан ва кўзимдан Ватан топган туйғуларим мудраётган томирларимни уйғотди.

2001 йилнинг июли. Ўзбекистон халқ шоирлари Жуманиёз Жабборов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Икром Отамурод, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ва бошқа устозларимиз бошчилигида ўтказилган Зомин ёш ижодкорлар семинарида иштирок этдим. Энг қадрдон, самимий ижодкор дўстларим билан ана шу семинарда танишдим. Барно Султонова, Шодмонқул Салом ва бошқа дўстларимнинг ижодий ишларини ўқиб, руҳан янгиландим. Бир-биримизга ижодий кайфиятимиз юқди. Устозларимизнинг саволларига шеърларимиз, қалб кечинмалари бўлган эсселар, ҳикоялар, мақолалар билан жавоб бердик. Ҳаётимизнинг зар варақларидан жой олди бу иссиқ дийдор онлари.

Жуманиёз ака, Абдулла ака, Муҳаммад аканинг эътирофлари, танқидлари келажакда битилажак асарларимиз учун барчамизга йўл кўрсатадиган машъала бўлиб, кўзларимиз тубида порлади, руҳ берди, ўйга толдирди. Ўшанда мақсадларимиз, орзуларимиз ёшимизга мос ва хос эди, балки. Лекин устозларимизнинг даъватлари, маҳорат дарслари бизни давр билан, халқ дарди билан ҳамнафас ижод қилишимиз кераклигига шайлантирди. Сўнгра жўшқин мушоира бошланди...

Юлдуз ўпар арчалардай

Илҳомим тоғ ошиб толмас.

Ўриклисой тўлқинида

Туйғуларим тошиб толмас.

Сенга севгим - Ватан десам,

Ёшлигим - ой юзим менинг.

Зоминтоғнинг томирида

Садо берган сўзим менинг.

Зомин тоғларининг тошларига урилиб, жаранглаган мана шундай сатрлар оҳангги юраклардан юракларга кўчиб, гумбурлаган садо берди. Садолар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Моҳият”, “Ўзбекистон овози” газеталарида, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Саодат” журналларида ўз аксини топди. Ўша кунлар бугун ҳам кўнгилларга ажиб титроқ ва ҳаяжон солади. Нимага деганда, устозларимиз бугун қалбимизнинг хотира дафтарларига ўз номларини абадий муҳрлаб кетди. Улар бизнинг ижодий парвозимизга ўткир нафаслари, оташин сўзлари билан қанот бахш этганларига ҳам 20 йил бўлибди.

Қолаверса, шу йиллар ичида мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлимида адабий маслаҳатчи, бўлим бошлиғи бўлиб ишладим. Меҳнат фаолиятимнинг аксарият йиллари ёшлар билан боғланганди. Мен ёш ижодкорларнинг қарашлари, фикрлари, талқинлари, хаёллари, ўйлари, орзулари, дардларини ўзимники, деб билдим. Улар менинг энг яқин, суянган дўстларим бўлиб қолди. Гарчи бугун у бўлимда ишламаётган бўлсам-да, ҳамон, ҳар нафасда ёшлар билан ҳамфикрман. Уларнинг ижодларини кузатиб бораман. Чунки улар бу муқаддас даргоҳга катта умид билан қадам қўяди. Қайсиларики, устозларининг тарбияси, тавсиясини чин дилдан қабул қилган бўлса, уларнинг ҳаёт йўллари ёруғликка қараб юз тутди. Китоблари давлатимиз томонидан беғараз чоп этилди, уйлар берилди, Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилинди. Улар ҳам бу меҳр ва ишончни оқлашга бел боғлашди.

Рустам Мирвоҳид, Махфуза Имомова, Зебо Худойбердиева, Фозил Фарҳод, Нодира Иброҳимова, Дилмурод Дўст, Шавкат Одилжон, Гўзалой Матёқубова, Жасур Кенгбоев, Сардор Ҳамроев, Байрам Али, Гулруҳ Худоёрова, Башорат Омонова, Феруза Хайруллаева, Юлдузой Ўрмонова, Мансур Жумаев, Жавлон Жовлиев, Алишер Боймуродов, Кумуш Абдусаломова, Яҳёхон Фаёз, Ҳафиза Абдумаликова ва буларни қатор-қатор санайверишимиз мумкин. Улар Ёзувчилар уюшмасининг остонасига келганларидаёқ, ўз кечинмалари, шеърий сатрлардаги самимий қарашлари, ўтли фикрлари билан “Онажоним — шеърият” тўгарагида, Дўрмон ва Зомин ёш ижодкорлар семинарида устозлар эътиборига тушган эди. Ҳар бирлари ўзларининг устида ишлашга киришди ва улар бугун энг нуфузли жамоат ташкилотлари, ижодий майдонда илму маърифат, адабиётимиз, маънавиятимиз тарғиботчиси сифатида фаол ва айни дамда иқтидорли кадрларга айланди. Юртимизда яратилаётган имконият, эътироф, рағбатлар уларни мана шундай поғоналарга олиб чиқди. Меҳр, эътиборнинг эса ўз вақтида бўлгани яхши.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига билдирган табригида катта ишонч билан “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” кўрик-танловларини ўтказиш ҳақидаги ташаббуслари биз ижодкорларни ҳам руҳлантирди.

“Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз юксак таҳсинга сазовордир. Албатта, ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак”, деган давлатимиз раҳбарининг ўтли шиори албатта, Янги Ўзбекистон ёшларини янада юксак мақсадлар билан интилишига йўл очиб беради.

Мана шундай катта ишонч билдирилган муаззам кунлар арафасида ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ижодкор ёшларимизни устозлар, самимий дўстлар даврасига, Ўриклисойнинг сўлим боғларига чорламоқда.

Бу йилги семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 66 нафар ёш ижодкор ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан юборилган 9 нафар истеъдодли ёш ижодкор – анъанавий қўшиқ ижрочилари, бастакорлар, кинематография соҳаси ёш ижодкорлари, рассомлар (китобат санъати йўналишида таҳсил олаётган талабалар) иштирок этади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тузилган Ишчи гуруҳи ушбу семинарни юксак даражада ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Семинар қатнашчиларининг қалбларидан ўтаётган туйғуларни ҳозирданоқ ҳис қилаяпман. Уларни устозлар билан бўлиб ўтадиган қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар, мушоира кечалари, мўъжизавий лаҳзалар кутмоқда. Асосийси, адабиётимизга янги овозлар, янгича қарашлар, янги ғоялар кириб келади, деган умидда семинар қатнашчиларига Зомин булоқларининг ҳарорати янглиғ илҳом, сўз масъулиятини ва кўтаринки кайфият тилайман.

Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи.