Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зоминнинг Оқтош майдонида катта кўпкари (+видео)
16:01 / 2025-11-19

Зомин ўзининг тоғлари, кенгликлари, тоза ҳавоси, танти, жасур ва мард аҳолиси билан қанчалик машҳур бўлса, ушбу ҳудудда ўтказиладиган ҳар бир улоқ-кўпкари нафақат юртимизда, балки минглаб чақирим узоқларда ҳам маълуму-машҳур. Бунинг бир қанча сабаблари бор экан. Аввало, ўйиндаги ҳалоллик, тартиб-интизом.

Улоқ-кўпкари барча талабларга мос ўтиши, мухлисларга аъло кайфият улашиши учун ташкилотчилар бор имкониятларини ишга соладилар.  

Бу ерда бутун Марказий Осиёнинг энг сара отлари ва чавандозларини учратасиз. У отларни, ундаги маҳоратли полвонларни кўргани минглаб одамлар довон оша, қир оша етиб келадилар.  

Оқтош майдони Тошкентдан чамаси 180 км узоқликдаги масофада жойлашган бўлиб, атрофлари баланд қир-адирликлар билан ўралган. Чавандозларнинг улоқ олиб, от чопишлари учун қулай текис майдон ҳосил қилинган. Майдонда қирғиз, қозоқ, тожик полвонларини ҳам кўплаб учратиш мумкин. Улар ўз миллий кийимлари билан ажралиб туришади.  

Бу ерга келган одам олам-олам завқ олади. Улоқ учун чавандозларнинг жадал курашга киришишлари, ҳайқириқлари, мухлисларнинг бор овозда бақириб, ўз чавандозларини қўллаб-қувватлаши – буларнинг барчаси инсонни бир муддат мозийга олиб кетгандек бўлади гўё. Чунки, барчаси худди қадимги даврлардагидек, эски удум ва анъаналаримизга хос ўтади.  

Энг қизиқ жойи майдон атрофида содир бўлади. Кўп мингсонли мухлислар, кўпкари ишқивозлари ўзлари билан олиб келган маҳсулотларини дала шароитида тайёрлаб, юқори иштаҳа билан тановул қилишади ва улоқни ҳам кўздан қочирмайдилар. Яқинлари билан дастурхон атрофида қизиқарли суҳбатлар қуриб, қувноқ муҳитдан завқланиб, дам оладилар. Шу куни ошпазлар, тадбиркорларнинг ҳам иши бароридан келади. Лекин, эътиборли томони нарх-наво кўтарилиб кетмас экан.  

Кўпкарининг ўзи 17-18 ноябрь кунлари  ўтказилиб, ташкилотчилар ғолибларга катта совринларни тақдим этди. Масалан, қимматбаҳо автомобиллар, 50 миллион сўмдан юқори пул мукофотлари ва ҳар бир ғолиб учун 10 бошдан зиёд туялар ўйналди. Қоида бўйича, ҳар ким ўзи учун ўйнайди — жамоага бўлиниш деган нарса йўқ, аммо баъзида икки-уч киши бир жамоа бўлиб ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Ғирром ўйинчиларни тажрибали ҳакамлар назорат камералари ёки дрон ёрдамида аниқлайдилар ва улар ўйиндан чиқариб юборилади. Кўпкарида қатнашувчилар сони ва ёшига чеклов йўқ. Ўзига ишонган ҳар қандай чавандоз бахтини синаб кўриши мумкин.

Чавандоз учун улоқни ердан олиб, юзлаб рақиблар орасидан олиб чиқиш ва маррага элтиш осон иш эмас албатта. Бунинг учун у ва унинг оти йиллар давомида шуғулланган бўлиши керак. Кўпкари мавсуми октябрь-ноябрда бошланиб, асосан деҳқон даласидан ҳосилини йиғиштириб олгач, бир муддат қўли бўшаганидан сўнг бошланади. Кузда, баҳорда об-ҳаво ҳам улоқ-кўпкари учун мос бўлади.  

Тулпорини кўпкарига солиб, унинг нархини ошириб олишни мақсад қилган ёки шунчаки майдонни бир айланиб, кетадиган чавандозлар ҳам йўқ эмас.          

Ўйиннинг асосий қоидаси улоқни бир маррадан иккинчи маррага олиб бориш. Улоқни тақимидан туширмай, рақибларига олдириб қўймай, маррага етказа олган чавандоз ваъда қилинган соврин эгасига айланади.  

Бу сафарги мусобақада Бобуршоҳ, Шоҳрух, Баҳодир, Мирсодиқ, Диёрбек, Маҳкам, Илёс каби полвонларнинг номлари ва отларининг лақаби яна баралла янгради.  

Кўпкари ишқибозлари орасида болалар ҳам анча-мунча. Улар ҳам ҳозирданоқ полвонлик учун ўзларига замин яратиб боришмоқда. Хуллас икки кунлик мусобақалар одамларимизда унутилмас таасуротларни қолдирди.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/092QQYqR7gQ" title="Zominning Oqtosh maydonida katta ko‘pkari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА