Зомин туман ҳокимлигида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг жорий йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш, санитария эпидемиология назорат маркази мутахассислари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 177-бандида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши профилактик эмлаш ишларини ташкил этиш назарда тутилган. Ушбу жамоатчилик эшитувида ҳам мазкур масала юзасидан туман ДСЭНМ ва туман тиббиёт бирлашмаси масъул раҳбарларининг давлат дастури ижроси юзасидан олиб бораётган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.

Айни пайтда, туманда жами 11 та аҳолини эмлаш пункти ташкил этилиб, уларда шу кунга қадар 42 минг 25 нафар аҳоли вакцинация қилинган. Вақцина олганларнинг 2 минг 650 нафари 1-босқич, 7 минг 88 нафари 2-босқич, 5 минг 64 нафари 3-босқични қабул қилган. Режага яна 98 минг 664 нафар фуқаро вакцинация қилиниши белгиланган.
– Жараёнда бир қатор камчиликлар бўлиб, асосийси аҳолидан, давлат ва нодавлат ташкилотлари ишчиларидан ПЗРга намуна олиб келишда ва мусбат чиққан фуқароларнинг уйларига бориб дезинфекция тадбирларини ўтказишда техника етишмовчилиги мавжудлиги яққол кўриб қолмоқда, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Х.Абдуниязов. – Юзага келаётган бу муаммони туман ҳокимлигига ва халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига киритишимиз шарт ва бу масала қанча тез ҳал этилса, аҳолини вакцинация, яъни эмлаш жараёни шунчалик тез поёнига етади. Короновирусга қарши курашда бу жуда катта самара бериб, ушбу эпидемияни тўхтатиш жараёни тезлашади.

Тадбир давомида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан жамоатчилик мониторинги давомида аниқланган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Жамоатчилик эшитуви якунида давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан қўшимча таклиф ва тавфсиялар билдирилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА