English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зоминда яна 20 та меҳмон уйи рўйхатга олинди
19:56 / 2021-04-26

Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Дуоба» қишлоғида 20 та меҳмон уйлари барпо этиладиган бўлди.

Бу ҳақда ушбу қишлоқда Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан туман давлат хизматлари маркази, солиқ инспекцияси, тижорат банклари вакиллари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда маълум қилинди.

Сайёр қабулга келганларга тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш, ўзлари яшаб турган хонадонларида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича батафсил маълумот, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларига тўлиқ жавоблар берилди. Ушбу йўналишда фаолият бошлаш истагида бўлган фуқаролар шу жойнинг ўзида давлат хизматлари маркази томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиб, гувоҳномалари берилди.

Гувоҳномаларига эга бўлган тадбиркорлардан оилавий меҳмон уйларини ташкил этишга тайёр бўлган 20 нафар хонадон эгаларига оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан кўчирмалар ҳамда Туризм ва спорт вазирлигининг совғалари топширилди.

– Зомин туманининг энг хушманзара қишлоқларидан бири бўлган Дуоба қишлоғида меҳмон уйлари очган хонадон соҳиблари бу қарорга бирданига келган эмас, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азиз Эгамбердиев. – Кейинги йилларда меҳмон уйлари хизматини йўлга қўйишда тумандаги қишлоқларда ўрганса бўладиган тажриба бор. Президентимизнинг жорий йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши билан бу ишга талабгорлар сони яна ортди. Ушбу фармон билан Зоминнинг сайёҳлик ва дам олиш йил давомида узлуксиз йўлга қўйилиши меҳмонхона бизнесининг ривожланишига, уй меҳмонхоналарнинг кўпайишига имконият яратади.

Т.Бекназаров, ЎзА