Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зоминда “Кўпкураш ҳарбий ватанпарварлик" мусобақасининг туман босқичи ўтди
21:54 / 2021-04-15

Зомин марказий ўйингоҳида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари Жиззах вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида "Кўпкураш ҳарбий ватанпарварлик" мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларини Ватанга, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва уларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган «Кўпкураш» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси вилоятнинг чегараолди туманларида ўтказилаётир.

Мусобақа низомига кўра, иштирок этадиган жамоалар чегараолди ҳудудларидаги маҳаллаларда яшовчи 18 дан 30 ёшгача бўлган 8 нафар аъзодан иборат бўлиб, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлимлари, фуқаролар йиғини ва маҳалла профилактика нозирлари томонидан тузилган.

Вилоятда илк марта ўтказилаётган мусобақанинг туман босқичининг дастлабкиси Зомин марказий стадионида бўлиб ўтди.

Ушбу мусобақа кўргазмали намуна сифатида ташкил этилгани боис Бахмал, Янгиобод, Фориш, Мирзачўл туманлари чегараолди ҳудудларидаги маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ҳам томошабин бўлиб қатнашди.

[gallery-2051]

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида ҳокимликлар, чегара қўшинлари, ёшлар агентлиги, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда ушбу мусобақа ёшлар ўртасида 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунни тарғиб қилишда, уларда ватанпарварлик туйғуларини ўстиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Мусобақанинг Зомин туман босқичида ҳудуддаги тўртта сектор таркибидаги чегараолди маҳаллаларида яшовчи уюшмаган ёшлардан ташкил топган жамоалар иштирок этди.

Кўпкураш мусобақаларида жамоалар савол-жавоб, стрит ворк аут (турник), арқон тортиш, эстафета югуриши, тош кўтариш каби жами 8 шарт бўйича куч синашди. Қизғин курашларга бой, қизиқарли ўтган мусобақалар якунида биринчи ўринни олган 1-секторнинг “Қалқон” жамоаси вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 3-секторнинг “Қўрғон” жамоаси иккинчи, 2-секторнинг “Бургут” гуруҳи 3-ўринни эгаллади.

– Мусобақага тайёргарлик ва унда иштирок этиш давомида жуда кўп нарсаларни ўргандик, – дейди “Қалқон” аъзоси Нуриддин Жониқулов. – Бу мусобақа биз учун нафақат жисмоний имкониятларимизни синовдан ўтказиш, маънавий, руҳий жиҳатдан чиниқиш ҳам бўлди. Биз бирдамлик, жамоа бўлиб курашиш кўникмаларини эгалладик. Мусобақанинг вилоят босқичида ҳам ғолиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

"Кўпкураш ҳарбий ватанпарварлик" мусобақасининг вилоят босқичи 2021 йил 20 апрелдан 25 апрель кунига кадар ўтказилиши режалаштирилган.

Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.