14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Жиззах вилояти Зомин туманида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара Қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари учун янгидан барпо этилган турар жойларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Мудофаа вазирлиги, вилоят, туман ҳокимликлари, секторлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, фронт орти меҳнат фахрийлари, Чегара Қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила азолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва бошқалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, ҳарбий хизматдан резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилаётгани, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш баробарида ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой ва маиший шароитларини яхшилашга эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Расмий маросимдан сўнг алвон боғич қирқилиб, тадбир иштирокчилари тумандаги “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ДХХ Чегара Қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари учун қуриб битказилган турар жойларда яратилган шароитлар билан таништирилди.
Турар жойларда барча зарур шароитлар мужассам этилган. Қувонарлиси, ҳарбийларнинг фарзандлари учун ҳам барча жиҳатлар ҳисобга олиниб, ўйин майдончалари барпо этилган. Ҳар бир хонадон барча зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.

– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида 22 нафар ҳарбий хизматчи оиласига янги уйларнинг калити топширилиши мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир, деб ўйлайман, – дейди Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев.
Энди ҳарбийлар уй тўйларини 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан қўшалоқ қилиб ўз янги уйларида нишонлайдиган бўлди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА