Жиззах вилоятининг Зомин туманида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги ёшлар етакчилари учун ўтказилган форум Жиззах шаҳрида поёнига етиб, барча иштирокчилар ўз ҳудудларига кузатиб қўйилди.
Юртимиздаги 200 дан ортиқ олий ўқув юртларининг 180 нафар ёшлар етакчилари “Зомин” оромгоҳида икки давомида ўтказилган тадбирларда иштирок этди. Иштирокчилар Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги қошидаги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимлиги, ЖДПУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Республикамиздаги ОТМ ёшлари етакчилари форуми Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан Жиззах давлат педагогика университети ёшлар етакчилари ташаббуси билан амалга оширилди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалари бўйича ўринбосари Акмал Савурбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур форуми жорий йилнинг 11 апрель куни Юртбошимиз раислигида ўтказилган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросига қаратилганлиги таъкидланди.
– Ушбу форумнинг ташкил этиш ғояси Президентимизнинг жорий йил 10 февраль куни вилоятимизга ташрифи чоғида, Жиззах давлат университети ёшлари томонидан эришилган натижалар билан танишганларидан сўнг, мана олийгоҳнинг ҳақиқий етакчиси қандай бўлиши керак, ЖДПУ ёшлар еткачиси Фарзона Адилованинг ишларини республика ёшларига намуна қилиб кўрсатиш лозимлигини таъкидлаган пайтларида туғилган эди. Бугун университетимиз ёшлари томонидан турли соҳаларда эришилган ютуқлар, қўлга киритилган натижалар ва энг муҳими амалга оширилган ислоҳотларнинг олийгоҳдаги самарасини ўз кўзларингиз билан кўриб, ўзларингиз гувоҳ бўласизлар, – деди Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев.
[gallery-12145]
Сўнгра тадбир иштирокчилари Абдулла Қодирий номли Жиззах давлат педагогика университети ёш олимлари, ҳаваскор санъаткор, рассом, дизайнерлари, ижодкор ёшлари ва Жаҳон, Осиё, мамлакат чемпионлигини қўлга киритган спортчи талабалари эришган ютуқлари, университет ёшлар етакчиси бош-қошлигида факультетларда ташкил этилган ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар билан танишди.
Шундан сўнг форум иштирокчилари ва тадбирга таклиф этилган меҳмонлар университет маънавият-маърифат саройига жам бўлиб, тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ёшлар форумининг барча фаол иштирокчилари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги қошидаги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ва ЖДПУнинг сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жиззах давлат университети иқтидорли талаба-ёшлари томонидан ижро этилган жозибали куй, шўх-шодон қўшиқларига иштирокчилар мириқиб рақсга тушди.
Жиззах шаҳридаги “Висол” тантаналар мажмуасида ташкил этилган тўкин дастурхон атрофида янги дўстлар билан қилинган дилдан суҳбат барчасидан мароқли бўлиб, иштирокчилар форумдан олам-олам таассуротлар олганини университет ҳовлисига ўрнатилган “Фикрлар доскаси”га алоҳида таъкидлаб ёзиб қолдирди.
Байрамона тушликдан сўнг Ўзбекистон ОТМ ёшлар етакчилари форумининг барча иштирокчилари тантанали кузатиб қўйилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА