Жиззах вилоятининг Зомин туманида ўтказилган инфотур хорижий оммавий ахборот воситалари ва нуфузли блогерларнинг диққат марказида бўлди. Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Қатардан ташриф буюрган меҳмонлар табиий гўзаллик, миллий анъаналар ва замонавий инфратузилма уйғунлигини намоён этган ҳудуд имкониятлари билан танишишди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасини янада ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.


Меҳмонлар “Зомин миллий табиий боғи” ва “Суффа 2400” платосидаги туризм хизматлари, замонавий меҳмонхоналар, осма дор йўли, сайёҳлар учун қулайликлар билан танишдилар. Шу билан бирга, миллий куй-қўшиқлар, шарқона кийимлар намойиши, миллий таомлар тайёрланиши каби маданий тадбирларда фаол иштирок этишди.

Ташриф давомида олинган фото ва видеоматериаллар хорижий интернет платформаларда кенг тарқатилиб, Зомин тумани туризм салоҳиятининг халқаро миқёсда кенг тарғиб этилишига хизмат қилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, туризм – мамлакат имижи ва маданий дипломатиянинг муҳим таркибий қисми. Зоминдаги каби инфотурлар эса Ўзбекистоннинг глобал туристик харитадаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
А. Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари