Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зомин тумани ҳокими: “Асосий мақсадимиз – эл-юрт хизматида бўлиб, халқимизнинг розилигига эришишдир”
15:46 / 2022-01-01

Жиззах вилоятининг Зомин туманини мамлакатимизда  билмайдиган, эшитмаган кишининг ўзи бўлмаса керак.

Зомин ўзининг гўзал табиати, фусункор тоғларию бетакрор сойлари, меҳмондўст аҳолиси билан машҳур. Сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар жумладан, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларнинг ривожланаётгани Зомин тумани ҳаётида ҳам ўз самарасини кўрсатди.

Хўш ўтган йилларда туманда қандай ўзгаришлар рўй берди? Аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ишсизлик ва камбағалликни камайтириш борасида амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев билан суҳбатлашди.

–Зомин туманида 2021 йилда режалаштирилган лойиҳалар ва уларнинг амалга жорий этилиши  қандай натижалар берди?

– Жуда соз, бу борада мақтансак арзигулик натижаларни қўлга киритганмиз, –деди А. Абдуғаниев. – 2021 йилда қиймати  328 миллиард 500 миллион сўмлик 60 та лойиҳа амалга оширилиб,  мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат соҳасида 7 миллиард 2 миллион сўмлик  6 та лойиҳа амалга оширилиб 93 та янги иш ўрни яратилган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасида 93 миллиард 900 миллион сўмлик 19 та лойиҳа жорий этилиши самарасида 228 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 219 миллиард сўмлик 35 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб 687 та янги иш ўрни яратилди.

2021 йил январ-сентябр ойларида қиймати 32 миллиард 900 миллион сўмлик 17 та лойиҳани ишга тушириш, 168 та иш ўрни яратиш белгиланган эди. Амалда эса 76 миллиард 700 миллион сўмлик 32 та лойиҳа ишга туширилди ва 192 нафар зоминликлар доимий иш билан таъминланди. Шу жумладан, саноат соҳасида 5 миллиард 300 миллион сўмлик  2 та лойиҳа амалга оширилиб, 19 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 15 миллиард 100 миллион сўмлик 10 та лойиҳани ишга тушириш самарасида 27 та, қишлоқ хўжалигида 59 миллиард сўмлик 20 та лойиҳа натижасида 155 та янги иш ўрни яратдик.

– Мамлакат иқтисодиёти ривожида ташқи ва ички инвестицияларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Жуда тўғри таъкидладингиз. Киритилган ҳар  бир  доллар ташқи ва ҳар бир сўмлик ички инвестиция туман иқтисодиётини тиклаш, энг асосийси аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Туманда жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 6 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган эди. Амалда эса бу кўрсаткич 15 миллион 500 минг долларларга етказилди.

Туманнинг ички ҳудудий инвестиция дастурига асосан 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда умумий қийтмаи  105 миллиард 500 минг сўмлик 32 та ички инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.

– Пандимея бутун дунё иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини ўтказди. Бугунги кунда туманда нечта тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини янгидан бошлади, пандимея сабаб тўхтаб қолган нечта тадбиркорлик субъектлари, корхоналар тикланди ва ушбу хайрли ишлар натижасида нечи кишининг бандлиги таъминланди?

– Дарҳақиқат, пандимея нафақат иқтисодиётга, бошқа соҳаларга ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказди. Бундай ҳолатдан фақат ҳамжиҳатлик билан чиқиб кетишимиз мумкин эканлигини Давлатимиз раҳбари исботлаб бердилар ва бу ўзининг амалда самарасини берди. 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига туманда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 1 минг 405 тани ташкил этган бўлса, жорий йил январь-ноябрь ойларида 325 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди ва уларнинг сони 1 минг 730 тага етди. Фаолиятини янгидан бошлаган тадбиркорлик субъектлари томонидан 1 минг 116 та янги иш ўрни яратилди.

Пандемия сабабли 1 минг 19 та шундан, саноат соҳасида 96 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 250 та, ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси бўйича 312 та, қурилишда 14 та, умумий овқатланишда 24 та ва бошқа соҳаларда 323 та тадбиркорлик субъектлари фаолиятини вақтинчалик тўхтатган ҳамда 3 минг 560 нафар ишчи-хизматчилар даромадсиз қолган эди. Бугунги кунга қадар мазкур корхоналарнинг барчаси фаолиятини қайта тиклади, бунинг натижасида ишсиз қолган 3 минг 560 нафар фуқароларнинг бандлиги тўлиқ қайта таъминланди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини аҳоли, айниқса эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминланаётганида кўришимиз мумкин. 2021 йилда туман аҳолиси жумладан қанча эҳтиёжманд оилалар уйли бўлди? 

– Бундан 5-6 йил муқаддам аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бу борада эҳтиёжмандлар борлиги ҳақида биров гапирмаган эди. Бугун бу масала энг оғриқли нуқталаримиздан бири эканлигини вақтнинг ўзи кўрсатиб қўйди. Бу йил туманимизда “Қишлоққурилишинвест” ИК МЧЖ буюртмачилигида тижорат банклари кредитлари асосида 9 та 5 қаватли 20 хонадонли арзонлаштирилган, 27 та 1 қаватли, 4 сотихли ҳамда талабгорларнинг маблағлари ва тижорат банк кредити ҳисобидан 69 та 2 қаватли, 4 сотихли, бирлаштирилган  уй-жойларда қурилиш ишлари амалга оширилди. 9 та 5 қаватли уй-жойларнинг 6 тасида фойдаланишга топширилиши натижасида 120 та уй-жойга эҳтиёжманд оилалар уйли бўлади. Шундан, 25 нафар ижарада яшаётган, уй-жойи мавжуд бўлмаган, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, 12 таси ногиронлиги мавжуд бўлган оилаларни ташкил қилади. Бундан ташқари, субсидия асосида 2 та 5 қаватли 160 хонадонли арзонлаштирилган уй-жойларда қурилиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. 

Туман ҳудудида истиқомат қилаётган 13 нафар кам таъминланган оилаларга уй-жойларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилди. Туман марказидаги 3 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 286 та якка тартибда уй-жойларда жорий таъмирлаш ишлари якунланди. 

“Обод қишлоқ” дастурига асосан 7 та маҳаллада жами 356 та якка тартибдаги уй-жойлар жорий таъмирланди. 2022 йилда бу борадаги ишларимизни изчиллик билан давом эттиришни режалаштирганмиз.

– Бугун Зомин катта қурилиш майдонига айланди. Янги қурилишлар, шу жумладан ижтимоий объектлар, саноат, аҳолига маиший ва савдо хизмати кўрсатадиган объектлар, йўл қурилишида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда, буни тан олмай иложимиз йўқ.

– Фикрингизга қўшиламан. 2021 йилда туманда 3 та мактабгача таълим ташкилотлари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, келгуси йил янгидан қурилаётган 2 та янги умумтаълим мактаби, ўлкашунослик музейини фойдаланишга топширишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар ва ёнғинга қарши курашиш бўлими биносида реконструкция қилиш ишлари изчиллик билан давом этирилиб ниҳоясига етказилади. 4 та умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилинган бўлса, 7 та умумтаълим мактаби мукаммал таъмирдан чиқарилди, 30 та умумтаълим мактабида иситиш тизими қайта реконструкция қилинди, 12 та умумтаълим мактаби тоза ичимлик суви билан таъминланди. 3 та тиббиёт муассасамизда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Зомин туман тиббиёт бирлашмаси ва Даштобод шаҳар шифохонасига тиббиёт ускуналари тўлиқ етказиб берилди. 

“Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Зомин автошохбекати” филиали янгидан қуриб битказилди. 2 та савдо мажмуаси, 2 та маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси қурилди. 

Аҳоли дам олиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида “Зоминсой” канали атрофида кўнгилочар масканлар қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар 2022 йилда ҳам давом этади.

– “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларни бу рўйхатдан чиқариш мақсадида бевосита сизнинг раҳбарлигингизда туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Туманимизда камбағалликни қисқартириш, иқтисодиётимизни тиклаш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Темир дафтар” га киритилган эҳтиёжманд оилалар сони 2 минг 752 тани, оила аъзолари сони 12 минг 575 нафарни, меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони 3 минг 782 нафарни ташкил этади.

Бугунги кунга қадар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг барчаси оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ўзини-ўзи банд қилиш соҳаларида бандлиги таъминланди. 

Ҳудуддаги ҳомийлар, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар” га киритилган эҳтиёжманд оилаларга жами 3 миллиард 782 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, бугунги кунга қадар оилавий шароити яхшиланган 2 минг 679 та оила халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорларига асосан “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди. 

 Зомин туманида бугунги кунда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 31 минг 610 нафар (15 минг 346 нафар қизлар)ни ташкил этади. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи ҳамда касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган, ижтимоий муаммолари бор 1 минг 174 нафар ёшлар рўйхати шакллантирилиб, “Ёшлар дафтари” онлайн платформасига киритилган.

Белгиланган қатъий режа асосида 2021 йилда тумандаги “Ёшлар дафтари” га киритилган 1 минг 76 нафар ёки 91,6 фоиз ёшларнинг муаммолари бартараф этилиб, “Ёшлар дафтари” дан чиқарилди.  Хусусан, 251 нафар ёш доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 158 нафар ёшларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.  294 нафар ёшга деҳқончилик қилиш учун ер майдони ажратилди, 19 нафар ёш “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди, 28 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сонли қарорига асосан туман Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланиб, “Ёшлар дафтари” га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туманда “Ёшлар дафтари” жамғармаси ташкил қилинди. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 494 нафар ёшга 1 миллиард 217 миллион 700 минг сўм миқдоридаги моддий ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. 

“Аёллар дафтари” бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Туманимизда ташкил этилган Ишчи гуруҳи томонидан 30 ёшдан  юқори бўлган 29 минг 675 нафар аёллар аниқланиб, ижтимоий ҳолати ўта оғир бўлган 2 минг 32 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари” га  рўйхатга олинди ва улар  белгиланган тартибда 9 турдаги тоифаларга бўлинди. Рўйхатга киритилган хотин-қизлар ишга жойлаштирилиб, тиббий ёрдам берилди. Ҳомийлар ва хайрия фондлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, “Аёллар дафтари” жамғармасидан бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди. 

–2022 йилда Зомин туманида амалга ошириладиган  янги лойиҳалар хусусида ҳам гапириб ўтсангиз?     

– 2022 йилда туманимизнинг мавжуд экспорт салоҳиятини ошириш ва янги бозорларни топиш, янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ҳамда аҳолига янги иш ўринлари яратиш мақсадида бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. 

Хусусан, 745 миллиард 900 миллион сўмлик 46 та инвестиция лойиҳалари асосида  820 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу лойиҳаларнинг 11 таси ёки 61 миллиард 900 миллион сўмлиги саноат соҳасига тегишли бўлиб 153 та янги иш ўрни, 14 таси ёки 500 миллиард 600 миллион сўмлиги хизмат кўрсатиш соҳасида бўлиб, 205 та янги иш ўрни ва қолган 21 таси  ёки 183 миллиард 300 миллион сўмлиги қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни ташкил этиб, унда 462 та янги иш ўрни яратишни режалаштирганмиз.

Бу борада туман ҳокимлиги томонидан инвесторларга қулайлик яратиш, туманнинг инвестицион жозибадорлигини янада ошириш мақсадида тадбиркорларга ер майдонларини ўз вақтида ажратиш, тармоқ жадвалига асосан ҳудудни зарур инфратузилмага улаш ва монтаж ишларини олиб бориш каби зарурий амалий ёрдамлар тизимли равишда бериб борилади.

Президентимиз янги йил табрикларида 2022 йилни – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилдилар. Жорий йилда ҳам инсон қадрига алоҳида эътибор қаратиб амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни давом эттирамиз. Аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга бор куч қувватимизни сафарбар этамиз. Асосий мақсадимиз – эл-юрт хизматида бўлиб, халқимизнинг розилигига эришишдир. 

 

Суҳбатдош Абдужалол ҚАЮМОВ,

Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА