Қиш фасли табиат учун табиий дам олиш даври бўлса-да, ёввойи ҳайвонлар учун у жиддий синовларни келтириб чиқаради.
Қалин қор қатлами ва совуқ ҳарорат табиий озуқа манбаларини қисқартиради, бу эса ҳайвонларнинг яшаб қолиш имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Ана шундай шароитда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биотехник тадбирларни амалга ошириш экологик барқарорликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Зомин миллий табиат боғида ҳам қиш мавсумида ёввойи ҳайвонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биотехник тадбирлар тизимли равишда ўтказилмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойи ҳамда жорий йилнинг январь ойи давомида боғ ҳудудида бир неча маротаба шундай тадбирлар ташкил этилди. Уларни ўтказишда миллий табиат боғи маъмурияти томонидан ҳар томонлама тайёргарлик кўрилиб, махсус график режа асосида иш олиб борилди.
Биотехник тадбирлар доирасида қайси ҳудудларда сунъий озуқа майдончалари ташкил этилиши олдиндан белгилаб олинди. Бу жараёнда ҳайвонларнинг ҳаракат йўналишлари, яшаш муҳити ҳамда мавсумий эҳтиёжлари инобатга олинди. Илмий ходимлар томонидан фотоқопқонлар ўрнатилган нуқталар, уларнинг координаталари ва қайд этилаётган тасвирлар мунтазам таҳлил қилиб борилди.

— Ҳар бир тадбир илмий асосда режалаштирилади. Кузатув натижаларидан келиб чиқиб, сунъий озуқа майдончаларига дағал ҳашак, омухта ем ҳамда туз маҳсулотлари жойлаштирилди. Бу ҳайвонларнинг қишки озиқланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган, — дейди Зомин миллий табиат боғи бош ўрмон инспектори Шароф Файзуллаев.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, миллий боғ ҳудудига ўрнатилган фотоқопқонлар сувсар, жайра, тулки, тўнғиз, бўри каби ёввойи ҳайвонларнинг сунъий озуқа майдончаларидан фаол фойдаланаётганини қайд этмоқда. Бу ҳолат қишнинг энг совуқ ва қорли кунларида ҳайвонларнинг энергия захирасини сақлаб қолиш, уларнинг ҳалокатга учраш хавфини камайтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай биотехник тадбирлар фақат мавсумий ёрдам бўлиб қолмай, балки табиий экотизим барқарорлигини сақлаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда ёввойи табиатни асрашга қаратилган узоқ муддатли экологик сиёсатнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
А. Қаюмов, ЎзА