Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зоҳран Мамдани “руҳлар маскани”га кўчиб ўтди
16:52 / 2025-12-09

АҚШ Нью-Йорк шаҳар мэри этиб сайланган Зоҳран Мамдани ўзидан аввалги аксарият ҳокимлар сингари тарихий “Gracie Mansion”ни турар-жой сифатида танлади. 1799 йилда қурилган ушбу уй Иккинчи жаҳон уруши давридан бери шаҳар раҳбарларининг асосий яшаш манзили бўлиб келади.

Мамдани сайлов кампанияси даврида кўчиш масаласига аниқ жавоб бермаганди.Чунки ўша пайтда у ўз оиласи билан “rent-stabilized”, яъни нархи давлат томонидан чеклаб қўйилган, ўрта синф учун мўлжалланган хонадонда яшар эди. Таъкидланишича, Мамдани ўша уйга ойига тахминан 2 300 доллар тўлар эди, бу эса Нью-Йорк шароитида арзон уй турига киради. Таққослаш учун: шаҳар бўйича бир хонали уйнинг ўртача ижара нархи 3 500 доллардан ошади.

Шу сабабли ташвиқот давомида Мамданининг уй масаласи сиёсий баҳсга айланди. У “ижараларни музлатиш” сиёсатини шахсий мисоли орқали тарғиб қилган бўлса, рақиблари, айниқса собиқ губернатор Эндрю Куомо уни машҳур оиладан чиққан бўла туриб имтиёзли уйда яшашда айблади. 

Маълумот ўрнида: Зоҳран Мамданининг онаси таниқли киноижодкор Мира Наир, отаси эса Колумбия университети профессори Маҳмуд Мамдани.

Мэрликка сайланганидан кейин Мамдани қарорни хавфсизлик ва иш самарадорлиги билан изоҳлади. 

– Бу қарор оилавий хавфсизлигимиз ва Нью-Йоркликлар танлаган уй-жой арзонлигини таъминлаш дастурига тўлиқ эътиборимни қаратиш зарурати билан боғлиқ, - деди у.

Экспертлар фикрича, “Gracie Mansion” Мамдани учун мутлақо янги муҳит бўлади. Шарқий дарё бўйида жойлашган, сариқ деворлари, яшил дераза ромлари ва оқ панжаралар билан танилган бу уй ташқи кўринишидан “тўй торти”ни эслатади. 

Ички қисми эса федерал услубда, асосан XVIII–XIX аср руҳида безатилган. Уйнинг беш ётоқхонадан иборат экани айтилади ва албатта шаҳар мэрининг оиласи учун кучайтирилган хавфсизлик чораларига эга.

Тарихий уй ҳақида ғаройиб миш-мишлар ҳам кўп. Собиқ мэр Билл де Блазионинг рафиқаси Чирлане уйдаги эшиклар ўз-ўзидан очилиб-ёпилишига гувоҳ бўлганини айтган. Янада қизиқарлироқ фикрни эса собиқ мэр Эрик Адамс билдирган: “У ерда руҳлар бор, ҳеч ким мени бу ёлғонлигига ишонтира олмайди.”

Камтарона “кулба”си билан хайрлашар экан, Мамдани шундай деди:

– Мен энди бу ерда яшамаслигим мумкин, лекин у мен билан бирга, қилаётган ишларимда яшашда давом этади.

Мусулмон Зиё, ЎзА