Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Инвестиция вазирлиги бош котиби Зоҳир Ал-Қатарнаҳ стратегик жиҳатдан қулай жойлашган ушбу араб мамлакати ҳамкорларга қулай инвестиция шароити таклиф қилиши, бу АҚШ, Европа ва улкан араб бозорига чиқиш имконини беришини таъкидлади. У Иордания ва Ўзбекистон хусусий сектори интеграциясига асосланган иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали минтақа ва бутун дунё умумий бозорига чиқиш учун мавжуд имкониятдан фойдаланишга чақирди.
Иордания ахборот агентлиги “Petra”, шунингдек “Royanews”, “Alghad” каби қатор етакчи нашрлар ёзишича, Иордания – Ўзбекистон чарм ва тикувчилик форуми доирасида бўлиб ўтган йиғилишда Зоҳир Ал-Қатарнаҳ подшоҳликни АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Сингапур, шунингдек Буюк Араб эркин савдо ҳудуди билан боғловчи эркин савдо тўғрисидаги битим нуқтаи назаридан турли соҳалар, хусусан тикувчилик ва тўқимачилик саноатида истиқболли сармоявий имконият тақдим этилишига урғу берди.

Иқтисодиётни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва иорданиялик ёшлар учун барқарор иш ўринлари яратиш мақсадига хизмат қилувчи лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ал-Қатарнаҳ айтишича, Иордания замонавий қонунчилиги солиқ ва божхона имтиёзи, лойиҳа амалга оширишдаги қулайлик ва сармоядорларни ҳимоя қилиш хусусиятига эга жозибадор сармоявий муҳит таклиф қила олади.
Мулозим Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий, бугунги кунда жадал ривожланаётган муносабат истиқболига тўхталиб, Подшоҳ Абдуллоҳ II яқинда Ўзбекистонга ташриф буюргани ўзаро иқтисодий ва сармоявий шерикликни мустаҳкамлашда бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилгани, янги қўшма ташаббуслар учун уфқ очганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, учрашув олий даражадаги ташриф давомида эришилган натижаларга асосланиб, икки томонлама манфаатли иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шу нуқтаи назардан Иордания ва Ўзбекистон сармоядорлари умумий имкониятдан самарали фойдаланиши, янги бозорларни очадиган ва ҳар икки томон учун иқтисодий фойда келтирадиган қўшма лойиҳаларда иштирок этиши лозим.
Банклар ассоциациясининг сиёсат бўйича директори Ҳишам Шатарат Иордания банк сектори инвестицияни рағбатлантириш тизимининг бир қисми сифатида мамлакатга хорижий сармоя жалб этишга ҳисса қўшишини айтди. Секторнинг афзаллиги ва хусусияти, жумладан тармоқларга тақдим этилаётган кредит турлари билан таништирди.
Дарвоқе, бугун Амман шаҳрида икки давлат ишбилармон доира вакиллари учун халқаро тўқимачилик форуми ва тадбиркорларнинг B2B учрашувлари бўлиб ўтади. Форумда икки томондан 70 нафарга яқин тадбиркор иштирок этиши кутиляпти.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА