Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зоҳидонликлар бир сотих ердан 15-20 миллион сўмдан ортиқ даромад олмоқда
10:29 / 2021-11-16

Фарғона вилояти Риштон тумани уста кулоллар маскани сифатида машҳур.

Унинг тупроғидан яралган мўъжизалар жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Кейинги пайтда ҳудуднинг изланувчан аҳолиси деҳқончилик бобида ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботлади. Гап шундаки, туманда томорқадан фойдаланишда ўзига хос тажриба мактаби яратилди.

Зоҳидон қадимий қишлоқлардан бири бўлиб, бу ернинг аҳолиси миришкорликнинг ҳадисини олган. 976 хонадондан иборат маҳаллада 90 фоизга яқин томорқада кўкат етиштирилади. Рустам Мирзақулов, Дилмурод Асқаров, Ҳасанбой Раҳмоновлар хонадони кафтдек ердан яхши даромад олиб, бошқаларга ибрат бўлаётир. Айни кунларда томорқаларда барпо этилган 2-3 сотихли иссиқхоналарда учинчи ҳосил йиғиб олиниш арафасида. Дастлаб февраль ойида бодринг экилади. Сўнгра иккинчи ва учинчи экин учун кашнич ҳамда укроп етиштирилади. Бу маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда хорижга экспорт ҳам қилинмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур маҳаллада бўлиб, томорқачилик тажрибаси билан танишди. Омилкорлик билан иш юритаётган оилалар вакиллари бир сотих ердан 15-20 миллион сўмдан ортиқ даромад олаётганини айтиб ўтди. Туманда кўкатчилик йўналиши тобора ривожланиб бормоқда. Вилоят раҳбари буғдойдан бўшаган 10 гектар майдонда такрорий экин сифатида укроп етиштираётган Равшан Маликовнинг даласига бориб, тадбиркор билан суҳбатлашди. Бу йил гектаридан 20 миллион сўмдан ортиқ соф фойда кўзлаётганини, аввалги йилларда рентабеллик бундан ҳам анча юқори бўлганини маълум қилган йигит укроп етиштиришнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди.

Туман мутасаддиларига буғдойдан бўшаган майдонларда кўкат етиштиришни ривожлантириш, қишда плёнка остида деҳқончилик қилиш истагида бўлган тадбиркорлар ихтиёрида синов тариқасида 0,5 гектардан ерни март ойига қадар қолдириш бўйича кўрсатма берилди.

[gallery-4676]

М. Сулаймонов,

М. Қодиров (сурат), ЎзА