English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзЛиДеП: мақсадлар катта, масъулият ҳам шунга яраша
20:08 / 2019-09-10

Йил якунида парламент қуйи палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган депутатлик сайловларида муваффақият қозониш партияларнинг дастури ва Сайловолди дастури қанчалик халқчил, долзарб масалаларни қамраб олганига кўп жиҳатдан боғлиқ.


Йил якунида парламент қуйи палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган депутатлик сайловларида муваффақият қозониш партияларнинг дастури ва Сайловолди дастури қанчалик халқчил, долзарб масалаларни қамраб олганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боис Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси жойларда Ҳаракатлар стратегиясига мос тарзда янгиланган дастури ва Сайловолди дастурини кенг муҳокама қилмоқда.

Ана шундай мулоқотлардан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтди. Унда партия Сайловолди дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида белгиланган устувор вазифалари хусусида сўз юритилди.

Қайд этилишича, партия Ўзбекистоннинг “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик (GCI), инновациялар (GII), саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан ўрин эгаллашини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 2030 йилгача иқтисодиётда саноат улушини 40 фоизга етказишни ҳам партия ўзининг иқтисодий соҳадаги энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилаган. Бу орқали тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида 2025 йилга келиб тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини қайта кўриб чиқиш ҳамда алоҳида департамент сифатида фаолиятини тугатиш каби аниқ вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Партия, шунингдек, “2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқиш вақти келди деб ҳисобламоқда ва уни ҳаётга татбиқ этиш масаласини кун тартибига қўйяпти.

– Бугун тадбиркорликнинг фундаментал асосларини яратиш зарурлиги яққол кўзга ташланмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг ижрочи котиби Тоир Салимов. – Мазкур йўналишдаги юзлаб қонун ҳужжатларини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона “Тадбиркорлик” кодекси ишлаб чиқилиши ғоясини илгари сурамиз. Бу борадаги партия вазифаларини ҳам ЎзЛиДеП сайловолди платформасида акс эттиришимиз лозим.

Давра суҳбатида билдирилишича, партиянинг “Инвестиция кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги таклифи эса мамлакатимизда фаолият юритмоқчи бўлган инвесторларга янада қулайликлар яратишга қаратилган. Бу орқали “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги каби 10 га яқин қонун унификацияланади. Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизими жорий этилади. Шунингдек суд тизимида инвестицияга оид низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган судларни ташкил этиш масалалари ҳам ўрин олади.

ЎзЛиДеП “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини жорий этиш, АКТ дан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологияли соҳаларини шакллантириш ва фаол ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашни ҳам устувор деб билади.

Шунингдек, партия аъзоларининг фикрича, 2021 йилга бориб давлат кадастри ишларини юритишнинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлаш ва мулкни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштириш зарур.

Қайд этилганидек, партиянинг Сайловолди дастурида шу ва бошқа муҳим аниқ вазифалар белгиланган. Улар таклиф-мулоҳазалар асосида янада бойитилади, такомиллаштирилади. Энг муҳими, мақсадлар катта ва масъулият ҳам шунга яраша.