Муборак Ҳаж сафарига бориш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг орзусидир. Давлат раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик сабабли минглаб ҳамюртларимиз Ҳаж амалларини эмин-эркин адо этиш бахтига муяссар бўлмоқда.
Водий ҳаво дарвозаси саналган Наманган халқаро аэропортидан “Ҳаж – 2025” дастури доирасида “Наманган – Мадина” йўналишида илк парвоз “Flynas” авиакомпаниясининг “Airbus 330” русумли ҳаво кемаси орқали амалга оширилиб, унда Наманган вилоятининг Поп, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Наманган ва Мингбулоқ туманларидан дастлабки 414 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Зиёратчиларни кузатиш маросимида Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Эътироф этиш жоиз, Президентимизнинг диний-маърифий соҳада олиб бораётган ислоҳотлари, хусусан Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирининг мамлакатимизга ташрифи чоғида эришилган келишувлари натижасида қутлуғ зиёратга квоталар сони оширилди. Бу йилги Ҳаж зиёратига ўн беш минг нафар ўзбекистонлик йўл олмоқда.

Эътиборлиси, жорий Ҳаж мавсумида Наманган вилоятидан 1 минг 600дан зиёд киши сафарга боради. Зиёратчиларни кузатиш билан боғлиқ тадбирлар намунали ташкил этилди. Яратганнинг байти сари йўл олаётган, орзулари ушалган ватандошларимиз эсон-омон зиёрат қилиб келишни сўраб, хайрли дуолар қилишган бўлса, кузатувчилар Каъбатуллоҳга бориш уларга ҳам насиб этишини дилларига тугишди.

– Узоқ йиллар ички ишлар ҳамда Миллий гвардия органларида хизмат қилдим. Ҳозирда нафақадаман. Муқаддас Ҳаж зиёрати насиб этганидан бағоят бахтиёрман, – дейди Наманган туманидан Мирзавали Банноев. – Муборак сафарга тайёргарлик кўриш, тиббий кўрикдан ўтиш, сафар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари ташкилотчилар томонидан юқори савияда ташкил этилди. Қолаверса, гуруҳимиз раҳбари сафардан аввал зиёрат бажариш одоби ва тартиблари хусусида батафсил тушунчалар берди. Иссиқ иқлим шароитида биз учун керак бўладиган зарур жиҳозлар тақдим этилгани айни муддао бўлди. Насиб қилса, Мадина ва Макка шаҳарларида дориламон замонамиз шукронаси, Ўзбекистонимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қиламиз.

Зиёратчиларга икки муаззам шаҳарларда барча шароитларга эга бўлган, икки муқаддас масжидга яқин манзилгоҳларда жойлашган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ходимлари ҳамда малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади.
[gallery-23392]
“Ҳаж – 2025” дастури асосида “Наманган халқаро аэропорти”дан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари зиёратчиларини Мадина шаҳрига етказиш учун ҳафта давомида 20 та авиарейс амалга оширилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),ЎзА.