Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “ZIYORAT TURIZMI – 2023” кўргазмали тадбири бўлиб ўтмоқда.
Юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар диний-маърифий ҳамда зиёрат туризми соҳаларидаги ислоҳотларда ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда ватандошларимизнинг муқаддас ибодатларини адо этишлари учун яратилаётган имкониятлар эътиборлидир.
Президентимиз ташаббуси ҳамда ҳукуматимиз томонидан юртдошларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида 2018 йилдан Умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича – квота (чекловлар) олиб ташланди.
Бугунги кунда юртимизда маҳаллий ва жаҳон миқёсида зиёрат туризмини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса, зиёрат сайёҳлиги соҳасини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва нархларни мақбуллаштириш бўйича янги-янги уфқларни излаш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни талаб этмоқда.
“ZIYORAT TURIZMI – 2023” кўргазмаси бу борада ўзига хос ҳамкорлик майдони ҳисобланади. Кўргазмада Саудия Арабистони ва Араб кўрфазида фаолият олиб бораётган барча йирик сайёҳлик компаниялари, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналар вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, Россия, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардаги 100 дан ортиқ йирик сайёҳлик агентликлари ҳам ўз хизматларини таклиф этмоқда.
Кўргазмада сайёҳлик компанияларининг миллий павильонлари, жамоавий стендлари намойиш этилиб, ҳар бир қизиқувчининг саволларига жавоб берилаётгани аҳамиятлидир.
Эътиборлиси, кўргазма асносида нафақат ватандошларимизнинг дунё бўйлаб зиёратларини ташкил этиш, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам қадим цивилизациялар бешиги ва Буюк ипак йўлининг муҳим ҳалқаси бўлган Ўзбекистонга сайёҳати, муқаддас қадамжоларга зиёратини халқаро стандартлар асосида уюштириш мақсади белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат асносида яқин дўст ва ҳамкор давлатларнинг сайёҳлари ва ишбилармон доира вакиллари учун яратилаётган дўстона ва бағрикенглик муҳити муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, нафақат юртдошларимиз учун Умра сафарига, балки Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон каби ҳамкор давлат фуқароларининг Ўзбекистонга ташриф буюриши учун виза тизимининг олиб ташлангани эътиборлидир.
Шу ўринда юртимиз фуқаролари учун Умра сафарларини сифатли ташкил этиш ҳамда маҳаллий зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида 2022 йил 7 октябрда ўз фаолиятини бошлаган Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси фаолиятини кўрсатиб ўтиш жоиз.
Ҳозирги кунда мазкур уюшмага юртимиз ва хориждаги 25 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий сайёҳлик агентликлари аъзо ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида ассоциация томонидан ватандошларимизнинг Умра зиёратини мукаммал ва сифатли адо этишлари учун юқори даражада шароитлар ва қулайликлар яратилди.
Бунда ассоциациянинг 10га яқин йирик халқаро сайёҳлик ширкатлари билан ҳамкорлик ўрнатгани алоҳида аҳамият касб этмоқда. Натижада биргина “Умра-2023” мавсумининг ўтган даври давомида ассоциацияга аъзо сайёҳлик агентликлари кўмагида 51 минг нафарга яқин зиёратчи Умра ибодатларини қулай шароитларда адо этиб, Ватанимизга қайтиб келди.
Юртдошларимизни Саудия Арабистонига тез, осон ва қулай шароитларда етиб олишлари учун Ўзбекистон (“Uzbekistan Airways”), Бирлашган Араб Амирликлари (“Air Arabia”), Туркия (“Turkish Airlines”), Озарбайжон (“Azerbaijan Air”) давлатларининг ҳамда “Fly Dubay”, “Fly Nas”, “Jazeera Airways”, “Qanot Sharq” каби 10дан ортиқ йирик миллий ва халқаро авиакомпаниялар жалб қилинди.
Зиёрат икки турда: 10 ва 15 кунлик Умра дастурлари асосида ташкил этилди. Зиёратчиларнинг вақтларини янада мазмунли ўтказиш мақсадида Мадина шаҳрида – Уҳуд тоғи, Қубо ва Мадина музейларига ҳамда Макка шаҳрида – Арофот, Мино, Муз-далифа водийлари, Хиро ва Савр тоғи каби муқаддас қадамжоларга махсус зиёратлар ташкил этилди.
[gallery-12804]
Ассоциацияга аъзо сайёҳлик агентликлари томонидан зиёрат туризмини ташкил этиш сифати қатъий назоратга олинган. Зиёратчилар эътирозига сабаб бўлувчи ҳар қандай хатоликнинг олди олиниши кафолатланган.
– “ZIYORAT TURIZMI – 2023” кўргазмаси соҳани ривожлантиришга доир Ўзбекистондаги илк йирик намойиш ҳисобланади, – деди Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси ижрочи директори Фарҳод Ҳошимов. – Кўргазмада Саудия Арабистони, Араб кўрфази, Россия ҳамда Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларнинг 100 дан ортиқ йирик халқаро сайёҳлик агентликлари, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналар вакиллари иштирок этиб, ўз хизматларини таклиф этмоқда. Бу эса юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва таклиф этилаётган нархларни мақбуллаштириш бўйича янги-янги уфқларни излаш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни таъминлаши шубҳасиз.
Бугун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилаётган “ZIYORAT TURIZMI – 2023” кўргазмаси Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси ҳамкорлигида уюштирилган бўлиб, юртимиз ва хорижда зиёрат туризмини сифатли ва намунали ташкил этишга бағишланган Ўзбекистондаги илк йирик кўргазма ҳисобланади.
Назокат Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА