Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зиёли аёл келажакда оиланинг илмли бўлишига замин яратади
11:49 / 2022-05-07

Азал-азалдан халқимиз орасида асосан ўғил фарзандга билим бериш керак, ўқитиш керак, чунки у бизнинг боқувчимиз, деган қарашлар шаклланиб келган.

Қиз бола тарбиясида эса аксинча. Гўдаклигиданоқ ўқимишли бўлишдан кўра кўпроқ меҳнатга, хокисорликка ўргатилади. 

Аслида жамиятда қиз боланинг олий маълумотли, билимли ва салоҳиятли бўлиши қанчалик муҳим? 

Хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлаш, уларни улуғлаш ва қадрлаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатнинг устувор вазифаларидан бири. 

– Фарзандини ватанпарвар қилиб тарбиялайдиган аёллардир, – дейди Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов. – Оилаларда қизларнинг ўқишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бугунги кунда олий таълим тизимида педагоглар орасида 41 фоиз хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда. Уч минг нафардан кўп фан докторлари, профессор  аёллар бор. Она ўқимишли, зиёли бўлса, унинг фарзанди ҳам китоб ўқийди. Жамиятда уйда ўтирган аёлга паст назар билан қарамаслик лозим. Айниқса, агар аёл олий маълумотли бўлсаю, аммо бугунги кунда у уйда ўтириб, фарзандлар тарбияси, рўзғор юмушлари билан банд бўлса, демак у бугун энг керакли лавозимда ишлаяпти. 

Жорий йилда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан мамлакатимизнинг 6 та ҳудудида яшовчи 800 нафар хотин-қиз ўртасида сўровнома ўтказилган. Натижаларга кўра, аёлларнинг 60 фоизга яқини турмушида зўравонликка дуч келмаганини қайд этган. 40 фоиз аёллар ўзларига нисбатан камситиш ва зуғум ўтказилаётганини таъкидлаган. Ҳар тўртинчи аёл баъзи ҳолларда зўравонликка дуч келишини, 7 фоиз аёл эса бу одатий ҳол эканлигини қайд этган. 75 фоиздан кўпроқ аёлларнинг маълум бир вазиятларда ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги аниқланган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила   Норбоеванинг фикрига кўра, хотин-қизларимизни қийнайдиган кўплаб муаммоларнинг илдизи улар билимларининг етишмаслиги, ўз ҳуқуқларини етарли даражада талаб қила олмаслигига бориб тақалади. Шунингдек, оиладаги ажримлар, келишмовчиликлар сабаб уйсиз, жойсиз қолаётган, ҳаттоки, болаларининг таъминоти учун ҳам пул талаб қила олмаётган аёллар  борлиги ачинарли. Хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида, биринчи навбатда ота-оналарнинг муносабати катта роль ўйнаса, иккинчидан олий таълимда уларни қамраб олиш имконияти муҳим ўрин тутади. 

Дарҳақиқат, бугунги кунда янги Ўзбекистон ислоҳотлари инсон манфаатларини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. 

Ўтган 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлган. 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилган. 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилган. 2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинган. Натижада, ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этган. 

Шунингдек, 2022 йил 1 март куни Президент раислигида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқейини янада мустаҳкамлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. 

“Аёллар дафтари”да 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатда турганлиги, улардан 200 минг нафари ишсиз аёл-қизларни ташкил этиши қайд этилиб, аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг учраб турганлиги таъкидланган. Йиғилишда давлатимиз раҳбари мазкур  муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва нуронийларнинг ўрни ва аҳамиятини алоҳида қайд этди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилади. Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилади. 

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили тегишли тартибга кўра, давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилади. Давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилади. 

Бугун Ўзбекистон хотин-қизларининг 7 нафари академик, 271 нафари фан доктори (DSc), 1 минг 411 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси соҳибалари ҳисобланади. Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда айниқса фаол изланмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки салмоқли ўрин тутади. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган 440 минг 959 нафар талабанинг 45,9 фози хотин-қизлардан иборат. 

Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний бежизга “Қизлар ҳаммадан кўра билим олишга интилиши керак, чунки бу билим билан келажак авлодни тарбиялайди” дея таъкидлаб ўтмаган. Оқила, зиёли аёл келажакда барпо бўладиган бутун бошли оиланинг илмли бўлиб улғайишига замин яратади. Аёлларнинг илм олиши, ҳунар ўрганиши йўлида сафарбар этилаётган маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш келажакка йўналтирилган энг катта сармоядир. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА