14 февраль – Халқаро китоб ҳадя қилиш куни муносабати билан Адлия вазирлиги “Зиё улаш” акциясини давом эттирди.
Мазкур сана нишонланган кунда 34 маҳаллада ёшлар учун кутубхоналар ташкил этилди. Кутубхоналарга 6,7 мингдан зиёд китоб туҳфа қилинди. Улар орасида Президент асарлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, болалар ва ҳуқуқий адабиётлар бор.

Бундан ташқари, кутубхоналарга 26 та компьютер ва 450 дан зиёд мебель жиҳозлари совға қилинди.
Шу билан бирга, 40 минг китобни ўзида жамлаган электрон кутубхонадан фойдаланиш имконияти яратилди.
Акцияга Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳамда Нотариал палата қўшилди.

Акция бошланганидан буён эса юзта маҳаллада кутубхона ташкил қилиниб, уларга 31 мингга яқин китоб, 66 та компьютер ва 1,1 мингдан ортиқ мебель жиҳозлари совға қилинди.
Акция доирасида яна 108 маҳаллада кутубхоналар ташкил қилиш режалаштирилган.
Н.Абдураимова, ЎзА