Биз ҳамиша мактаб билимларининг ҳаётий бўлишини хоҳлаймиз. Ҳатто аниқ ва табиий фанлар жараёнида реал воқеаликка доир мисоллар бериш ва уни боланинг ўзи бажаришини тавсия этамиз. Ҳозир тавсия қилинаётган чет эл методларининг тагида ўқувчининг ҳаётга тайёрлаш ётади. Шундай мисолларни кўра билишимиз ва мактабга жадал олиб кира беришимиз керак. Узоқ йиллар бизда камбағаллик ва минимал яшаш харажатлари пинҳон тутилди. Бугун ошкоралик даврида масала очиқ кўтариляпти, лекин ечими ва методик тавсиялар берилмаяпти.
Ваҳоланки, бундай билимлар мажбурий дарс таркибига кириши керак. «Темир дафтар»,«Аёллар дафтари»,«Ёшлар дафтари»дан чиқаришнинг йўлларидан бери мактабданоқ иқтисодий билимларни бериш уй хўжалиги ва кичик оилавий бизнес юритишдир. Бу борада аниқ ва табиий фанлар ўз сўзини айта олиши керак. Айниқса, янги ахборот технологиялари воситасида бундай билимларни бериш мақсадга мувофиқ.
Сўнгги пайтларда «Истеъмол саватчаси» ҳақида кўплаб фикрлар бўлмақда. Бу ҳеч қачон қуруқ осмондан олиниб тахминий айтиладиган гап эмас. Буни ўзини халқаро ташкилотлар ва расмий идораларнинг жадвали бор. Аниқ фасл ва бозор нархларига қараб тўлдирилса, кифоя. Қуйидаги ўрганишлар шуни кўрсатадики, «Истеъмол саватчаси»нинг миқдори бир киши учун ўртача тахминан 2 157 000 сўмни ташкил этади. Инсон бир кунда 2200 килокалория энергия сарфлашини ҳисобга олсак, ҳар ойда оила бюджетининг бир қисми шаклланади. Бу ерда кийим бош ва кўзда тутилмаган харажатлар ҳисобга олинмаган.
«Истеъмол савати»га озиқ-овқат маҳсулотларидан: нон, ёрма ва дуккакли мевалар, гўшт, сабзавотлар, полиз, мевалар (цитрус мевалар ва зираворлар) сут маҳсулотлари, шунингдек ноозиқ-овқат (дорилар, косметика ва уй-рўзғор буюмлари) маҳсулотлари ва коммунал хизматлар, транспорт харажатлари ва қўшимча ўқув курслари ҳам киритилган.
Таъкидлаш жоиз, «Истеъмол савати» аҳолининг учта ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, нафақахўрлар ва болалар учун ишлаб чиқилиши керак. бир ойда ўртача меҳнатга лаёқатли шахс истеъмол қиладиган товар ва хизматларнинг қуйидаги рўйхатини тайёрлашдан аввал мактаб болаларига истеъмол саватчасининг моҳияти, камбағаллик, оилавий бизнес, уй хўжалигини юритиш, маҳаллалардаги "Темир дафтар", "Ёшлар дафтар"и ҳақида тушунча бериб ўтиш лозим. Биз ўқувчини ҳаётга тайёрлаш ҳақида кўп гапирамиз. Энди амалиётга ҳам ўтайлик. Масалан, болага ўзи яшаётган ҳудуд учун тўлдириш тавсия этиш керак.
Сарф-харажат қилишда уч нарсага эътибор бериш керак: биринчидан камхаржлик. Бундай одамлар энг зарурий нарсаларни сотиб олиши, бинобарин турмушнинг бирламчи моддий ва номоддий товарларига харж қилиши лозим. Бунда инсон бирламчи ва иккиламчи эҳтиёжларни ажрата билиши даркор. Иккинчидан, ортиқча сарфлаш. Бунда моддий бойликлар керагидан ортиқ бўлиб, бўлар-бўлмасга пул совурилади, ноўрин сарф-харажат қилиш оқибатида маблағ исроф бўлади. Учинчидан, мўътадил сарф-харажатлар, яъни зиқналик ҳам, исрофгарчилик ҳам қилмаслик. Айнан бирламчи эҳтиёжларни илк мактаб ёшиданоқ ажрата билиши иқтисодий саводхонликнинг дастлабки пойдеворидир. Агар инсоннинг даромади жуда кам бўлса, унинг харажатлари энг биринчи навбатда муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Агар уни мактаб дарсликларига киритмасак, хато бўлади. Аслида «Истеъмол саватчаси» – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. «Истеъмол саватчаси» энг кам иш ҳақи ва пенсиялар, базавий ижтимоий тўловлар, ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар каби моддий эҳтиёж миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлиши керак.
«Истеъмол саватчаси» 3 қисм – озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат. Ноозиқ-овқат товарларига кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳоказолар киради. Хизматлар рўйхатидан эса коммунал, транспорт хизматлари, маданий-маърифий жабҳалар ўрин олади.
Одатда «Истеъмол саватчаси» аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенционерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлиги аниқланади.
Олимлар томонидан ўртача талаб ўрганиб чиқилиб, меъёрий оддий истеъмол саватчага 18 хил зарурий калория берувчи озиқ-овқат маҳсулотлари киритилган. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланган ушбу меъёр расман тарқатилган. Бу меъёр бир киши учун мўлжалланган бўлиб, у минимум эҳтиёжларни қамраб олган. Бундан мураккаброқ истеъмол саватчалари ҳам бор, унда кўпроқ бошқа зарурий ҳаётий кўрсаткичлар мужассам. Махсус жадвални ўқувчи ота-онаси билан тўлдирса ва нарх-наволарни амалдаги жорий нархлар асосида ҳисоблаб чиқса, ўзи учун ота-онаси бир кунда ва бир ойда қанча маҳсулот сарфлаётганлиги аён бўлади. Бу ерда жорий ойда айни маҳсулотнинг бозор нархлари асосида ойлик ва йиллик меъёрлари ҳисобланади. Масалан, бозорларда июль ойида гуручнинг ўртача нархи 8000 сўм эди. Ойлик меъёр бир кишига 1,5 килограмм бўлса 8000х1,5=12000 сўм. Агар мазкур оилада 5 нафар киши истиқомат қилса, мос равишда 12000х5=60000 сўм бир ойда фақат гуруч учун жамғариш лозим. Йиллик эса 60000х12=720000 сўм сарф бўлади. Нарсаларни қадрлаш, тежаш, увол қилмаслик, оилавий бойликка шерик бўлиш ва пировардида бутун оиланинг ялпи даромадини янада кўпайтиришни илк куртаклари шаклланади. Оиладаги барча тадбирлар - у тўй, туғилган кун, иморат қуриш, ремонт қилиш, ойлик зарурий харажатлар, кичик тадбирлар бўладими, ҳаммасининг ҳисоб-китоби оилавий, жумладан, болалар иштирокида ҳисобланиб улар билан муҳокама қилиниши керак. Биз болага «Сен катталарнинг ишига аралашма», деб оилада улғаяётган болаларни жараёнлардан четлатамиз. Келинлар, фикрига эса аксарият умуман беэътибор бўлинади. Ахир, оилада биз нимага эришсак, бу бойликлар келгусида зурриётларимиз қўлига қолади. Мустақиллик йилларида иқтисодий билимларга оид юзлаб китоблар ёзилди. Аммо улар ичида кенг оммага мўлжалланган, оилавий иқтисод масалаларига мосланган китоблар бармоқ билан санарли. Мактабда бундай тушунчаларни оддий, жўн тилда тушунтириш керак. Дарсликларда интеграциялашган иқтисодий билим асосларини содда тилда баён этувчи мисоллар, бўлимларни очиш керак. Бугун янги шароитда оилаларнинг бой бўлиши, камбағалликдан қутулиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб турганида таълим-тарбияда ҳам таълим олувчиларнинг иқтисодий тарбияси, онги, тафаккури олдинги устувор вазифа бўлиши керак. Масалан шаблон жадвал, болалар уни ўз оиласи таркиби учун тузиб, мунтазам оила ва кичик бизнесини бошқариш кўникмаларини эгаллаши мумкин. Демак, ушбу тажрибанинг фойдалари:
1. Мактаб ўқувчисини реал ҳаётга тайёрлайди.
2. Болани боқимандаликдан асраб, неъматлар қадрига етказади.
3. Оиланинг турли ижтимоий дафтарларга тушиб қолиши олдини олади.
4. Ёшликдан рўзғор ва уй хўжалигини ўргатади.
5. Касбий йўналиш олишига туртки бўлади.
6. Ўзини-ўзи банд қилади.
7. Мактабдаги билимлари амалиёт билан боғланади.
8. Фанлараро интеграция ҳосил бўлади.
9. Оила иқтисодида боланинг улуши бўлади.
10. Оилада ижтимоий тенглик ҳосил бўлади.
11. Аниқ фанлар билимларини амалий татбиқ қилиш имконияти очилади.



Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси