Ўзини ўзи банд қилиш: қулай ва самарали
Жиззах вилояти Янгиобод туманини тилга олганда беихтиёр “чекка ҳудуд” ибораси ёдга келади.
Жиззах вилояти Янгиобод туманини тилга олганда беихтиёр “чекка ҳудуд” ибораси ёдга келади. Аҳолиси нисбатан кам, ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатлари ўзига яраша бўлган туманда ишлаб чиқариш, саноатни ривожлантириш ўзига хос мураккабликларга эга. Аммо аҳоли учун ўзини ўзи банд қилиш жуда ҳам қулай фаолият тури ҳисобланади.
Гап шундаки, туманда ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатга олиш режасига кўра йил якунига қадар 282 нафар одамни рўйхатга олиш кўзда тутилган эди. Аммо 15 июль ҳолатига туманда 319 нафар киши ўзини ўзи банд қилди. Бундан доимий даромад манбаига – ҳунарга, томорқага эга кишиларни иш стажи ва пенсия таъминотига эга бўлиш қизиқтираётгани кўриниб турибди.
Дарҳақиқат, ўзини ўзи банд қилиш орқали қонуний ишлашга катта имконият яратилди. Норасмий равишда ишлаб келаётган фуқаролар эндиликда ўз фаолиятини расмий давом эттиради. Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 23 тадан 67 тага кенгайтирилди. Рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар олинмайдиган бўлди.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг ярмини – 111,5 минг сўм тўлаб йил охиригача пенсия стажига эга бўлади. Аввал айрим фуқаролар стажга эга бўлиш учун ноқонуний йўллар орқали ечим топишга ҳаракат қилар эди. Шунингдек, бу усул давлат идоралари учун ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатга олиш иш билан банд аҳолининг айнан нима билан бандлигини ҳисоблаш имконини юритади.
Шу сабаб солиқ идоралари ходимлари томонидан доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Масалан, Эски шаҳар деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотувчиларига тегишли тушунтириш берилгач, шу вақтнинг ўзида 120 нафар сотувчи онлайн рўйхатдан ўтиш истагини билдирди.
Гулчеҳра УРДУШЕВА,
Жиззах вилоят ДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шуъбасининг катта инспектори.