Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзини ўзи банд қилганлар сафи кенгаймоқда
15:12 / 2020-07-17

Эътиборли жиҳати шундаки, дастлабки 15 кун ичида солиқ органлари томонидан вилоят миқёсида 11 минг 739 нафар киши рўйхатдан ўтди.


Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 1 июлдан эътиборан Қашқадарё вилоятида ҳам ўзини ўзи банд қилган фуқароларни рўйхатдан ўтказиш бошланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, дастлабки 15 кун ичида солиқ органлари томонидан вилоят миқёсида 11 минг 739 нафар киши рўйхатдан ўтди.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳловчилар “Soliq” мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ёки жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали масофадан туриб бепул амалга оширмоқда.

Уларнинг даромади Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар 2020 йил учун камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи, яъни 111 минг 500 сўм ижтимоий солиқ тўлайди ва иш стажига эга бўлади.

Қарор билан ўзини ўзи банд қилган фуқаролар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларининг 24 тадан 67 тага етказилгани фуқароларнинг қонуний ишлашлари учун катта имконият яратди.

Бу имкониятдан Қарши шаҳридаги Наврўз маҳалласи Ҳамза Умаров кўчасида истиқомат қилувчи Моҳигул Каримова ҳамда Гулшан Хўжамбердиева ҳам унумли фойдаланди. Аввал бошдан тикувчилик билан шуғулланиб келадиган овсинлар фаолият турларига қонуний тус беришди ва бу билан меҳнат стажига эга бўлиш имкониятига эга бўлди.

Уларнинг маҳалладоши Мадина Эшбоеванинг турмуш ўртоғи Обид Омонов бир неча йилдирки қонуний асосда новвойлик қилади. Мадина унга доимо ҳамкору ҳамдаст бўлсада, шу пайтгача ишсизлар қаторида эди. У ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди ва фаолиятига қонуний тус берди.

– Мазкур қарор билан шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ, жойлашган жойи ўзгарганда юридик шахслар – тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинади, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Фирдавс Жабборов. – Якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади. Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади. Энг аҳамиятлиси, ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб ҳунари бор шахсларга муносиб шароит яратиш мақсадида улар даромад солиғидан озод қилинган. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали, яъни мобил илова орқали солиқ идораларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя.

Шуни айтиш мумкинки, мазкур қарор аҳоли бандлигини таъминлашда, бу соҳада янги механизмларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади ва албатта аҳоли фаровонлигини ошишига хизмат қилади.