Зимбабведа инфляцияни жиловлаш учун қонуний тўлов воситаси сифатида олтин тангалар чиқарилди, деб хабар тарқатди ABC News нашри.
Маҳаллий валютага бўлган ишончни ошириш учун марказий банк душанба куни ана шундай кутилмаган чорани амалга оширди, дейилади хабарда.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига қараганда, 2008 йили мамлакатда гиперинфляция 5 миллиард фоизга етган. Натижада кўпгина чакана савдо вакиллари Зимбабве долларини тўлов воситаси сифатида қабул қилмай қўйди, унинг ўрнига камёб бўлиб қолган АҚШ долларини маъқул кўрмоқда.
Зимбабве Захиралар банки бошқарувчиси Жон Мангудьининг маълум қилишича, марказий банк 2 мингта танга чиқарган. Тангаларнинг биринчи тўплами мамлакатдан ташқарида зарбланган, келгусида эса танга зарб этишни мамлакатнинг ўзида ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Зимбабвелик иқтисодчи Проспер Читамбаранинг таъкидлашича, ҳукумат шу йўл билан АҚШ долларига бўлган жуда юқори талабни пасайтирмоқчи, чунки у таклифга мос келмайди. Кутилишича, ушбу чора товарлар нархининг шаклланишига барқарорлаштирувчи эффект беради.
Тангага «Mosi-oa-Tunya» (маҳаллий тилда “Виктория шаршараси”), деб ном берилди. Тангалар ликвидли активлар мақомига эга бўлади, яъни уларни нақд пулга конвертлаб олиш ва транзакция мақсадларида қўллаш мумкин. Танга олтиннинг унцияси учун халқаро бозор белгилаган курс бўйича ҳамда ишлаб чиқариш харажатлари учун 5 фоиз қўшилиб нархланади. Душанба куни танганинг нархи 1 минг 824 АҚШ долларида баҳоланди.
Марказий банк тарқатган баёнотда айтилишича, тангаларни исталган жисмоний ва юридик шахслар мамлакат банкларидан сотиб олиши мумкин.