Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар Тошкент вилоятидаги балиқчилик хўжаликлари фаолияти билан танишди
10:17 / 2020-10-27

Кейинги йилларда Тошкент вилоятида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Вилоят ҳокимлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Тошкент вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун Ўрта Чирчиқ ва Чиноз туманларида ташкил этилган медиа-турда экотуризмга ихтисослашган балиқчилик тармоқлари билан яқиндан танишилди.

Ҳозир интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланилаётгани балиқчилик тармоғи янада кенгайишига замин яратяпти. Президентимизнинг 2020 йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сунъий сув ҳавзаларида фаолият юритувчи балиқчилик хўжаликларига кенг имконият эшикларини очиб берди. Хусусан, айни пайтда Тошкент вилоятида 450 та балиқчилик хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, шундан, 13 таси 3 минг 637 гектар табиий сув ҳавзаларида аҳоли истеъмоли учун сифатли балқ етиштирилмоқда. Яна 1 минг 827 гектар майдонда эса янги сунъий сув ҳавзалари ташкил этилмоқда.

Ўтган йилнинг 9 ойида ҳудудда 6 минг 56 тонна балиқ етиштирилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 9 минг 366 тоннани ташкил этмоқда.

Шу каби жараёнлар билан танишган медиа-тур иштирокчининг биринчи манзили Чиноз туманидаги “Сhinoz white fish” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Унда ташаббускорлар томонидан уй шароитида янги технологиялар усулидаги иссиқхонада балиқ етиштирилади. Мазкур корхона 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, майдони 14 гектардан иборат.

– Асосан 4,5 сотих майдонда қурилган ҳовузларда Африка лаққаси, сазан, оқ амур каби балиқлар етиштирилади, – дейди корхона раҳбари Маруфжон Маматқулов. – Саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини бермоқда. Хўжалигимиз 2018 йилда 70 тонна балиқ етиштирган бўлиб, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркманистон давлатларига экспорт қилинган. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 90 тоннага чиқарилди ва 12 минг доллардан зиёд қийматда балиқ чавоқлари хорижга чиқарилди. Ҳозирги кунда Тожикистон давлатига экспорт режалари амалга оширилаяпти. Соҳада эришаётган ютуқлар мунтазам равишда соҳа олимлари билан ҳамкорлигимиз натижасидир. Ҳозир ривожланган давлатларда тайёрланадиган балиқ учун сифатли омихта емни маҳаллий шароитда тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Мақсад мамлакатмиздаги балиқчилик хўжаликларига арзон ва самарали озуқа етказиб беришдир.

Ҳозир бу ерда 10 нафар, мавсумий 20 нафар ишчи меҳнат қилади. Келгусида янги балиқ учун ем ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилгач яна 50 та иш ўрни яратилади.

Маълумки, соҳада замонавий тажриба сифатида самарали фойдаланилаётган садок усули – тўр қафасда балиқ боқиш ўзига яраша афзалликлари бор. Шу туфайли вилоят табиий сув ҳавзаларида ана шундай усулда балиқ парваришлаш кенг оммалашмоқда. Жумладан, Туябўғиз сув омборидаги “Саломов Маматқул”, “Саидовул”, “Жаҳонгир агро бизнес” ва “Жасур агро бизнес” балиқчилик хўжаликлари томонидан айнан шу усулида сазан балиғи етиштирилади.

Медиа-тур давомида журналистларга мазкур хўжаликлар фаолияти таништирилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, садок ёрдамида сув омбори ва табиий кўлларда балиқ парваришлаш мумкин. Эътиборлиси, бунда қўшимча ер ва сув ресурслари талаб қилинмайди. Балиқларни парваришлаш, озиқлантиришини назоратга олиш ўзига яраша қулайлиги бор. Бироқ, сув сатҳини доимо кузатиб бориш лозим. Жумладан, бир куб метр сувда 5 килограмм чавоқ солиниб, 200 килограммгача балиқ етиштириш имконини беради.

Маълумотларга кўра, 2018 йилдан буён балиқчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ушбу балиқчилик хўжаликлари томонидан сув омборига 88 садок ўрнатилган. Яратилган шароит ўз натижасини бермоқда. Хусусан, хўжаликларда 2018 йил 50 тонна, 2019 йилда 160 тонна балиқ етиштирилган. Жорий йилга келиб, етиштирилган 320 тонна балиқнинг 90 тоннаси сотилишига эришилди. Муҳими, маҳаллий бозорларни ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир давомида журналистлар соҳа мутахассислари билан суҳбатлашди. Балиқларни парваришлаш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.