Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар қўшма кластер корхонаси фаолияти билан танишди
11:37 / 2020-10-19

Танишув Мингчинор қишлоғида брифинг билан бошланди. Брифингда компания бош директори Дэн Петерсон тадбир иштирокчиларига компаниянинг тарихи, Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.


Пресс-турда журналистлар, блогерлар Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани Мингчинор қишлоғида Американинг «SILVERLEAFE» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалигининг замонавий кластер модели билан таништирилди.

Танишув Мингчинор қишлоғида брифинг билан бошланди. Брифингда компания бош директори Дэн Петерсон тадбир иштирокчиларига компаниянинг тарихи, Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

– «Silverleafe» вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотларда иштирок этиш учун 2018 йилда Ўзбекистонга келган эди, – дейди Ден Петерсон. – Компаниямизнинг Марказий Осиёдаги бу мамлакатга қизиқиши узоқ тарихий алоқаларга бориб тақалади. Ўзбекистонда пахта саноати энди бошланган 30-йилларда, кейинчалик 70- ва 90-йилларда ҳам “Silverleafe” раҳбариятининг кекса авлод вакиллари мамлакат билан узвий муносабатларни ўрнатишган эди.

Шу боис компания ҳайъати тарихий ҳамкоримиз – Ўзбекистон ҳукуматининг таклифини қабул қилишга, аграр соҳа модернизацияси жараёнида иштирок этиш ва халқаро бозорга чиқиш каби муҳим босқичларни қамраб оладиган вертикал-интеграцион жараёнга ўз инвестициялари ва тажрибаси билан иштирок этишга қарор қилди.

photo_2020-10-19_11-47-28.jpg

photo_2020-10-19_11-47-29 (2).jpg

Шу йилнинг ўзидаёқ лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ҳамкорлар билан бирга «Silverleafe» МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди. Ҳукумат қўшма корхона балансига Жиззах вилояти, Пахтакор туманидан ер ажратиб берди.

Бизнинг вазифамиз нафақат замонавий юқори технологияли компания яратиш, балки ўз мисолимизда Ўзбекистондаги инвестиция муҳити қандай ўзгарганлигини кўрсатиш ва шу орқали мамлакатга тобора кўпроқ чет эллик ишбилармонларни жалб қилишдир. Америка ҳукумати, Савдо-тижорат вазирлиги, етакчи банклар, Халқаро меҳнат ташкилоти вакили бўлган халқаро ҳамжамият, турли давлатларнинг дипломатик корпуслари ва БМТнинг офиси ушбу лойиҳани мамлакатда сўнгги йилларда содир бўлган ўзгаришларни баҳолашда индикатор сифатида танладилар.

"Silverleafe" МЧЖ қўшма корхонаси ўз олдига минтақа учун халқаро бозор талабларига жавоб берадиган инновацион технологияларни жалб қилиш орқали агросаноат ва унга алоқадор тармоқларни модернизациялашга эътибор қаратишни, маҳаллий аҳоли ва мутахассисларни бу жараёнга қўшишни, халқаро техник билимларини эгаллаб, лойиҳада иштирок этаётган ходимларнинг товон пулини, иш ҳақини ва шунга мувофиқ равишда турмуш даражасини оширишни асосий мақсад қилиб қўйган. Шунга мувофиқ ғарбий Европа ва АҚШнинг халқаро бозорига параллел равишда кириб бориш, ички бозорни юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳисса қўшиш биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади. Шу билан бирга ижтимоий ва маърифий дастурларни жадал ривожлантиришга, таълим, тиббиёт ва спорт соҳасидаги янги гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга АҚШ ва Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорлигига кўмаклашади.

Жаноб Дэн Петерсон компания таркибидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг асосий йўналишларга батафсил тўхталди. Жумладан, пахта етиштириш асосий соҳалардан бири эканлигини айтди. Айни пайтда «Silverleafe» модел агрокластери 2 минг гектарни ташкил этади.

Компания икки йил давомида Миссисипи университети ва Ўзбекистоннинг турли хил илмий муассасалари мутахассислари иштирокида атроф-муҳитни, сувни муҳофаза қилиш, тупроқшунослик, пахта уруғини қайта ишлаш, биостимуляторларни жорий етиш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳаларида тадқиқотлар олиб борди.

Юқори сифатли маҳсулот олиш ва қўл меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш учун компания сўнгги авлод Жон Деере механизациялашган ускунасидан фойдаланаётир. Кластерга ўтган далаларда илгари ишлаган маҳаллий мутахассислар ва ишчилар ўқиб компания ходимларига айланди.

Суғоришнинг янги технологияси, далаларни чанглатиш ва ишлов беришда қишлоқ хўжалиги авициясидан фойдаланилиш бўйича маълумотлар берилди. Журналистларга қишлоқ хўжалиги авицияси - собиқ иттифоқнинг машҳур “кукурузний” самолёти, учиш-қўниш майдончаси кўрсатилди.

Жорий йилдан "Silverleafe" пахта асали етиштириш учун асаларичиликни ҳам йўлга қўйди. Пахта далаларида боқилган асалари ғўзани чанглатиш билан бирга энг сифатли асал бериши ҳам аввалдан маълум усул. Бундан ташқари, асаларилар ўзидан сўнг бошқа ҳашоратлар озиқланиши учун етарли нектар қолдирмай, табиий "зараркунандаларга қарши курашувчи" вазифасини ҳам бажаради. Жорий йилнинг июл ойида далаларида 1 минг 950 дан ортиқ асалари уялари ўрнатилди.

photo_2020-10-19_11-47-29.jpg

Хорижлик ҳамкорлар пахта саноатидаги янги технологиялар билан бирга, ноёб ўсимлик – павлония дарахтини ҳам олиб келди.

Жануби-Шарқий Осиё ва Австралияда ўсадиган павлония дунёдаги энг тез вояга етадиган дарахт ҳисобланади. Бу дарахт атмосферага чиқадиган кўп миқдордаги карбонат ангидридни ютиб олишидан ташқари, мебел саноатида ва биоёқилғи сифатида ҳам кенг қўлланилади.

Асосан аёллар учун қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида 42 гектар ер ширин маккажўхори ва попкорн етиштириш учун ажратилган. Шунингдек, маккажўхорини қайта ишлаш, қадоқлаш йўлга қўйилаётир. Яқин келажакда мамлакатимиздаги савдо шохобчаларига маккажўхори етказиб бериш режалаштирилмоқда.

"Silverleafe" компанияси ишлаб чиқаришдан ташқари гуманитар дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.

Пресс-тур қатнашчилари компания кластерида ишлайдиган ва Мингчинор маҳалласида яшовчи одамларнинг яшаш шароитлари билан танишди. Яқингача маҳаллага сув ҳар икки кунда бир марта, икки соатдан берилар эди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлаш учун янги насослар ўрнатиб берилибди.

Айни пайтда Мингчинор маҳалласи мактаби, аҳоли хонадонлари қишда кўмир билан иситилади, бу атмосферага кўп миқдордаги карбонат ангидридни чиқаради. Ҳудудда павлония етиштирилиши одамларга қулайлик яратиш билан бирга экологик мувозанатни сақлашга ҳам наф келтиради.

"Silverleafe" Жиззах аёллар футбол жамоаси “Суғдиёна”нинг бош ҳомийси бўлди. Айни пайтда жамоанинг машғулоти учун қулай шароит яратиш билан бирга хорижий компаниялардан қўшимча ҳомийларни жалб қилиш орқали маблағ қўйишнинг янги модели шакллантирилмоқда.

Тадбир давомида журналистлар “Суғдиёна” жамоаси аъзолари билан суҳбат қилишди.

Қўшма корхона раҳбариятининг айтишича, барча жараёнлар корхонанинг агросоҳадаги ўзбекистонлик ҳамкасблар билан узвий ҳамкорлиги, ҳокимият бўлимлари ва республика ҳукуматининг ёрдами билан амалга оширилмоқда.

Пресс тур қатнашчилари кластернинг пахта даласида ҳосилни машинада теришнинг бориши билан танишиб, терим машиналари операторлари билан суҳбатлашди. Компаниянинг хорижлик вакиллари томонидан пахта териш машиналарини қизлар бошқараётгани муҳим янгилик сифатида тақдим қилиниши иштирокчиларни унчалик ҳайратлантирмади. Боиси яқин ўтмишда бу касбда ўзбек қизлари дунёга машҳур бўлганлигини кўпчилик яхши билади.

Тадбир давомида журналистлар хорижликлар билан ҳамкорликда ишлаётган маҳаллий мутахассислар, фермерлар, оддий ишчилар, маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашди. Ушбу пресс тур ўз фаолиятидан кўпчиликни хабардор қилишни мақсад қилган "Silverleafe" компанияси учун ҳам, бу ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлган журналистлар, блогерлар учун ҳам фойдали бўлди.