Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар медиа-тур давомида рангли металл парчаларини қайта ишлаш жараёни билан танишди
21:43 / 2016-10-20

Бугунги кунда чиқиндилардан тўғри фойдаланиш атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада, айниқса, яроқлилик муддати ўтган маиший ва электрон техникада мавжуд рангли металл чиқиндиларнинг утилизацияси алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда чиқиндилардан тўғри фойдаланиш атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада, айниқса, яроқлилик муддати ўтган маиший ва электрон техникада мавжуд рангли металл чиқиндиларнинг утилизацияси алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан «Электрон чиқиндиларнинг утилизацияси» мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. Унда қўмита масъуллари, «Тошрангметзавод» акциядорлик жамияти вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар иштирок этди.

Электрон чиқиндилар инсоният олдида турган янги экологик муаммога айланмоқда. Эски, яроқсиз ҳолга келган мобиль алоқа воситалари, рақамли фотоаппаратлар, компьютер, принтер, сканер, турли электрон ускуналар ўрнини янги воситалар эгалламоқда. Соҳа мутахассислари олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳар йили ер юзида икки миллион тоннага яқин электрон чиқинди пайдо бўлади. Маиший хизмат буюмларининг 16 фоизигина қайта ишлашга юборилмоқда.

Ўз муддатини ўтаган техника воситалари барча қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тахминан беш фоизини ташкил этса-да, мазкур чиқинди тури атроф-муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

– Мамлакатимизда чиқиндилар тўпланишининг олдини олиш, уларни қайта ишлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар фаолияти йўлга қўйилган, – дейди қўмитанинг ахборотлаштириш ва тарғибот бўлими бошлиғи Хония Асилбекова. – Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «Тошрангметзавод» акциядорлик жамиятининг Ўзбекистон Республикасида аҳолининг экологик фаоллигини ошириш, қаттиқ маиший ва электрон чиқиндиларни утилизация қилишга йўналтирилган атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича2016-2020 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида «Тошрангметзавод» акциядорлик жамиятига медиа-тур уюштирилди. Анжуман иштирокчилари рангли металл парчаларини қайта ишловчи экологик технологиялар ўрнатилган ишлаб чиқариш цехлари билан танишди.

«Тошрангметзавод» акциядорлик жамияти рангли металларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида ихтисослашган ягона корхона бўлиб, унда замонавий асбоб-ускуналар, илғор технологиялар жорий қилинган, беш юзга яқин юқори малакали ходим фаолият кўрсатмоқда. Завод рангли металл парчалари ва чиқиндиларини йиғиш, бирламчи ишлов бериш, ишдан чиққан қўрғошинли аккумуляторларни тўплаш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланади.

– Юртимизда экологик вазиятни барқарорлаштиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ҳар бир фуқаро эски, яроқсиз техника воситаларини махсус пунктларга топшириши мақсадга мувофиқ, – дейди «Тошрангметзавод» акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Жонибек Бердиев. – Заводга олиб келинган буюмларнинг қайта ишланиши мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга, янги маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини беради.

Тадбирда чиқиндиларни қайта ишлашни такомиллаштириш борасидаги қонунчилик актларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, аҳолидан чиқиндиларни йиғиб олишда корхоналар масъулиятини ошириш юзасидан фикр алмашилди.