Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар “Асака” банкнинг қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантиришга оид лойиҳалари билан танишди
12:04 / 2020-02-23

Мамлакатимизда дала ишлари бир зум бўлса-да, тинмайди.


Мамлакатимизда дала ишлари бир зум бўлса-да, тинмайди. Айниқса, далаларда эрта баҳордан бошланган агротехник тадбирлар кеч куз фаслида ҳам ер ҳайдаш, экиш, экинларга ишлов бериш, ҳосилни йиғиб-териб олиш каби ишлар билан тизимли равишда олиб боради. Шу боис, деҳқон ва фермерлар қишлоқ хўжалиги техникаларини мунтазам янгилашга интилади. Мақсад иш самарадорлигини ошириш, юқори ҳосил олишдир.

Маълумки, қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш, соҳадаги ислоҳотларга янги суръат бағишлаш ва тармоқда рентабелликни оширишга эришилади.

photo_2020-02-23_12-02-51.jpg

Ушбу ташаббусни ривожлантиришга кўмакдош бўлаётган “Асака” банки журналистлар учун “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарга пресс-тур ташкил этди. Унда ОАВ вакиллари банк томонидан молиялаштирилаётган “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ ва “UzCLAASAgro” МЧЖнинг тўлиқ ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.

Дастлаб мутахассислар томонидан иштирокчиларга акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турли қишлоқ хўжалиги техникалари, трактор, комбайнларнинг имкониятлари хусусида маълумот берилди.

photo_2020-02-23_12-02-53.jpg

Шундан сўнг “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ да амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Айни пайтда мазкур корхона ишлаб чиқараётган техникалар Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон ва Ҳиндистон давлатларига доимий экспорт қилинмоқда. Жумладан, Англия, Германия, Америка, Россия, Хитой сингари дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳамкорлик қилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми: 3 минг 500 дона трактор, 2 минг 500 та тиркама ва 1 минг 500 пахта терадиган машина бўлиб, мингга яқин иш ўрни яратилган.

photo_2020-02-23_12-02-56.jpg

“Асака” банки томонидан 2019 йил мобайнида “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖга пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш учун 10 миллион доллар миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, 746 дона тракторни (ТД 5.110, Т6070, U 62) ишлаб чиқариши учун 30,5 миллион доллар ва 2020 йил январь ойида яна 100 дона пахта териш машиналарини ишлаб чиқариши учун 8,3 миллион доллари миқдоридаги аккредитивлар молиялаштирилди

– Ўтган йилда корхонамиз томонидан 11 турдаги 2 минг 659 дона техника ишлаб чиқарилди, – дейди “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ бош директори Мухриддин Бойқуватов. – Бунда мазкур банк билан ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, тизим фаолияти янада ривожлантирилиб, ишлаб чиқариш имконияти кенгайди. Корхонада тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари тайёрлаш янги сифат даражасига кўтарилган. Хусусан, ишлаб чиқариш линиялари замон талаби асосида технологик жиҳатдан зарур жиҳозлар билан таъминланган. Қора ва рангли металларни пайвандлаш, қайта ишлаш, штамплаш, трактор кабиналари ясаш ва бошқа турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш, бўяш линияларида жадал иш олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 31 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

photo_2020-02-23_12-02-58.jpg

Пресс-тур давомида журналистлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигида ташкил этилган “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан яқиндан танишди.

Ушбу марказ Президентимизнинг 2017 йил 7 июлдаги “Қишлоқ хўжалигида машинасозлик соҳаси илмий-техникавий базасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. Айни пайтда бу ерда қишлоқ хўжалиги учун муҳим техникаларни ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, тажриба-конструкторлик ишларини юритиш ва технологик лойиҳалаштириш каби ишлар амалга оширилмоқда. Марказ мутахассисларининг олиб борган илмий-тадқиқот ишлари ва саъй-ҳаракатлари туфайли ўтган вақт давомида 20 дан зиёд миллий кашфиётлар қилинди. Масалан, янги яратилган, 110 от кучига эга замонавий, миллий бренди “ZAMIN” русумли трактор турли кўргазмаларда иштирок этди. Ҳозир ушбу трактор синов тажрибаларида қатнашмоқда. Бундан ташқари, ёш мутахассислар томонидан барча қулайликларга эга трактор тиркамаси яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди.

photo_2020-02-23_12-03-00.jpg

Журналистларга ушбу марказ фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилаётган шароит ҳақида атрофлича маълумот берилди. Келгусидаги лойиҳалар, ҳамкорликда олиб борилаётган илмий-техник изланишлар самараси акс эттирилган қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Шундан сўнг “Uz Clааs Аgro” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёни кўздан кечирилди.

Мазкур қўшма корхонасида 4 та ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлиб, улар Германиянинг “Clааs Central Asia Investment” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган “Dominator 130” комбайни, “Arion 630” ҳайдов трактори ва тиркамалар шундай русумдаги техника воситаларига қараганда унумдорлиги билан ажралиб туради. Барча турдаги техника воситалари зарур сертификатларга эга, халқаро стандартларга мос.

– Жорий йил 19 мартда ушбу корхона ташкил топганига 10 йил тўлади, – дейди “Uz Clааs Аgro” МЧЖнинг маркетинг ва савдо бўлими бошлиғи Аҳмад Мирсаидов. – Шу вақт давомида бу ерда 1 минг 900 донадан ортиқ ғалла ўриш комбайнлари, 2 минг 300 дан ортиқ турли хилдаги тракторлар ва 700 га яқин чорвачилик учун озуқа тайёрлашда ишлатиладиган қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарилди. 2020 йилда 700 дона турли хилдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бугунги кунда корхонамизда 250 ишчи-ходим ишлайди. Уларга қулай шароит яратиш ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ходимларимиз ҳар йили Европанинг нуфузли компанияларига малака ошириш учун юборилади.

photo_2020-02-23_12-03-03.jpg

Бугунги кунда ишлаб чиқарилган техникаларга сервис хизмат кўрсатиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Uz Clааs Аgro” МЧЖнинг марказлари ташкил қилинган. Сервис марказлари негизида корхонада ишлаб чиқарилган техникаларни сотиш мақсадида мижозларни топиш учун диллерлик марказлари ташкил қилинган. Дилерлар ҳар бир ҳудуднинг ўзида янги ташкил қилинаётган қишлоқ хўжалиги кластерлари ва деҳқон хўжаликлари талабларини ўрганмоқда. Керакли қишлоқ хўжалиги техникаларига шартномалар тузади. Бу эса уларга янада қулайлик яратилганидан далолатдир.

Ушбу саъй-ҳаракатларни эътиборга олган ҳолда 2019 йил январь ойида “Асака” банки томонидан “Uz Claas Agro” МЧЖ ҚКга қишлоқ хўжалик техникаларни ишлаб чиқариш учун 40 миллион доллар миқдорида кредит маблағлари йўналтирилган. Хусусан, декабрь ойида 9,5 миллион евро миқдоридаги аккредитивлар молиялаштирилди.

Пресс-тур давомида мутахассислар қўшма корхона томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳсулот турлари ва корхонани ривожлантириш истиқболлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Журналистлар мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Реклама ҳуқуқи асосида