Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистика антологияси яратилмоқда
18:15 / 2020-04-16

Карантин давом этаётган айни кунда юртимиздаги аксарият корхона ва ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам масофадан туриб ишлаш тартибига ўтган.


Карантин давом этаётган айни кунда юртимиздаги аксарият корхона ва ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам масофадан туриб ишлаш тартибига ўтган. Биз мазкур уюшма раиси ўринбосари Холмурод Салимов билан онлайн боғландик.

– Техника ривожланган ҳозирги кунда уйда бир қатор, жумладан, ёзув-чизув билан боғлиқ ишларни бемалол бажариш имконияти мавжуд, – дейди Х. Салимов. – Биз шу пайтгача бу имкониятдан фаол фойдаланмаганмиз. Ҳар куни ишда бўлганмиз, бунга ҳожат ҳам бўлмаган. Хуллас, ҳозир уйда ишлашга тўғри келмоқда. Бунинг учун биринчи навбатда интернет, планшет, нетбук ёки ноутбук бўлиши зарур. Муҳими, шу имкониятларга эгамиз. Мана шу каби техник имкониятлар туфайли бугун бемалол онлайн йиғилишлар ўтказиш, муайян мавзуларни муҳокама қилиш мумкин. Бу борада ўзига хос тажриба ҳам тўпланмоқда, дейиш мумкин.

Х. Салимовнинг айтишича, айни кунларда уюшма томонидан муайян, жумладан, “Ёш юраклар садоси” туркумидаги янги китобни нашр этишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Китобни бугунги кунда бутун дунё миқёсида ўта долзарб мавзу — коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича мамлакатимизда Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишлар, бу жараёнда меҳр-оқибат, сабр-тоқат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, саховатпешалик каби халқимизга хос бўлган қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти, глобал дунёда ҳаёт моҳияти, умр мазмуни, инсон қадр-қиммати, жисмоний ва маънавий саломатлик қадрини англаш, бугунги куннинг қаҳрамонлари – шифокорлар ва халқимиз манфаатлари йўлида мураккаб карантин шароитида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаётган фидойи инсонлар ҳақидаги мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар асосида тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 октябрдаги “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳужжатга илова қилинган “2019-2021 йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш бўйича комплекс дастур”нинг 22-банди ижроси доирасида ўзбек журналистикаси ривожланиш босқичлари антологиясини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар масофавий тартибда давом эттирилмоқда.

Катта меҳнат ва изланиш талаб қиладиган ушбу ижодий жараёнга Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика ҳамда Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетлари, шунингдек, юртимиз етакчи ОАВлари ҳамда бошқа бир қатор ташкилотларда фаолият олиб бораётган (журналистика соҳасига алоқадор) илмий ходимлар, олимлар, тажрибали ўқитувчилар, устоз журналистлар жалб этилган. Улар кўмагида ишчи гуруҳлар концепцияси ишлаб чиқилиб, антологияга асарлари киритилиши кўзда тутилаётган муаллифлар рўйхати шакллантирилди. Келишилганидек, ўзбек миллий журналистика антологиясини муайян йилларни ўз ичига олган даврларга бўлган ҳолда яратишга бел боғланган.

Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳлар иш режаси асосида мутахассис ва олимлар билан онлайн ҳамкорликда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва “Маънавият” нашриётида сақланаётган умумий фонддан журналистиканинг ривожланиш босқичларига оид зарурий (турли муаллифларнинг асарлари) маълумот ва материалларнинг электрон вариантларини олиш, муаллифлар материалларини танлаш ва уларни уюшма веб-сайтига жойлаштиришга тайёрлаш жараёни кечмоқда.