ЖССТ яна кунлик рекорд ҳақида хабар бермоқда
Бундан бир кун аввал ЖССТ 247 225 та вирус юқтириш ва 7 минг 97 ўлим ҳолати ҳақида хабар берган эди.
Коронавирусга чалиниш бўйича ўтган шанбада сайёрамизда 284 мингта ҳолат аниқланди, 9,7 минг киши пандемия қурбонига айланган, деб хабар бермоқда (ЖССТ) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.
Бундан бир кун аввал ЖССТ 247 225 та вирус юқтириш ва 7 минг 97 ўлим ҳолати ҳақида хабар берган эди.
Энди эса инфекцияга чалиниш бўйича яна рекорд кўрсаткич қайд этилгани ҳақда маълум қилинмоқда. Ўтган куни дунё бўйича 284 минг 196 бемор аниқланган, 9 минг 753 та ўлим ҳолати қайд этилган.
ЖССТнинг берган охирги маълумотида айтилишича, дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони жами 15 миллион 296 минг 926 кишига етган, камида 628 минг 903 бемор COVID-19 қурбони бўлди.
Касаллик тарқалиши бўйича энг ёмон вазият ҳамон Шимолий ва Жанубий Америка минтақаларида кузатилмоқда. Ушбу икки қитъада ҳозиргача 8 миллион 121 минг 700 киши вирус юқтиргани маълум бўлди. Ундан кейин Европа бормоқда. Мазкур минтақада коронавирусга чалинганлар сони жами 3 миллион 170 минг 382 кишига етди.
Мамлакатлар бўйича ҳамон АҚШда вазият ачинарли бўлиб турибди. Кеча бу ерда 73 минг кишининг COVID-19 га чалингани маълум бўлди. Мамлакатда коронавирус қурбонлари сони тўртинчи кундирки, кунига минг кишидан ошмоқда.
Федерал ва маҳаллий ҳукумат берган ҳамда Оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларни умумлаштириб бораётган Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, шанба куни мамлакатда 73 минг 715 та инфекция юқтириш ҳолати қайд этилган, 1 минг 130 киши вафот этган.
Жонс Хопкинс университетининг маълумотида айтилишича, АҚШда ҳозиргача жами касалланиш билан боғлиқ 4 миллион 112 минг 651та ҳолат рўйхатга олинган, 145 минг киши касаллик қурбони бўлди.
Пандемия билан боғлиқ вазият Бразилияда ҳам оғир бўлиб турибди.
Сўнгги кунда Бразилияда 55 минг киши коронавирус юқтиргани аниқланди.
Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлигининг тарқатган маълумотида қайд этилишича, сўнгги 24 соатда мамлакатда 55 минг 891 та инфекция юқтириш ҳолати аниқланган. 1 минг 156 киши вафот этган.
Бразилияда пандемия бошлангандан буён вирус юқтириш ҳолати жами 2 миллион 343 минг 366 марта қайд этилган. 85 минг 238 бемор COVID-19 қурбони бўлди.
Ҳиндистонда ҳам коронавирус тарқалишини тўхтатиш қийин кечяпти.
Бу ерда куни кеча бир суткада 49,3 минг киши коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Мамлакат бўйича жами касалланганлар сони 1 миллион 287 минг 945 кишига етди. Мамлакатда коронавирус пайдо бўлгандан буён ҳозиргача 30 мингдан зиёд киши инфекция қурбони бўлди.
ЖССТнинг маълум қилишича, кўп мамлакатларда ҳали ҳам аҳвол ўнгланай демаяпти. Шу боис ташкилот экспертлари мамлакатларни вирус тарқалишига қарши жорий қилинган чораларни асло бўшаштирмасликка чақирмоқда.
«Санитария қоидаларига амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиб юриш ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ», демоқда улар.