Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖССТ: Вирус тарқалишини назоратда ушлаш керак
10:17 / 2020-04-22

COVID-19 пандемияси дунё бўйлаб тарқала бошлагач, биринчи навбатда Европа Иттифоқи давлатлари, айниқса Италия, кейинроқ Испания ва Франция касалликнинг асосий ўчоқларига айланди.


COVID-19 пандемияси дунё бўйлаб тарқала бошлагач, биринчи навбатда Европа Иттифоқи давлатлари, айниқса Италия, кейинроқ Испания ва Франция касалликнинг асосий ўчоқларига айланди. 

Нисбатан қисқа муддатларда эпиедмия қурбонларининг қитъадаги умумий сони юз мингдан ошиб кетди.

Фақат Европа давлатларида кенг кўламли карантин чоралари кўрила бошлагандан кейингина, яъни сўнгги икки ҳафта давомида беморларнинг инфекциядан ҳалок бўлиш ҳолатлари кун сайин камаймоқда. Масалан, 4 апрелда кўҳна қитъада коронавирус оқибатида 5 181 киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, икки ҳафта ўтиб айни кўрсаткич 2 683 ни ташкил этди.

 Статистикада ҳар томонлама етакчи бўлган юқорида санаб ўтилган мамлакатларда ҳам кўнгилсиз рақамлар миқдори пастга ҳаракатлана бошлади. Бу фикрларни “Euronews” нашри келтирмоқда.

Ушбу давлатлар ҳукуматлари, гарчи эртанги кунга ишонч билан қараётган бўлса-да, барибир эҳтиёткорликни қўлдан бермаслик лозимлигини таъкидлашяпти. Тан олинишича, аввалги меъёрий ҳаёт тарзига қайтиш осон бўлмайди. Умуман бундай тахмин масаласи ҳозир кун тартибида тургани ҳам йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти масъуллари ҳам бу борада худди шундай фикрда.

Гарчи, зарарланишнинг кунлик ўсиши тўхтаган тақдирда ҳам ҳозирги пайтда эпидемиянинг якунига етганини англатмайди. Ҳалиям одамлардан, миллатлардан, давлатлардан, ҳукуматлардан ва тиббиёт ходимларидан талаб этиладиган устувор вазифа вирус тарқалишини назоратда ушлаш бўлиб қолаверади. Бу фикрни ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус зўр бериб таъкидламоқда.

ЕИ ҳудудида Германия ва Австрия карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга киришди.

Берлин ва Вена шаҳарларида аста-секинлик билан иқтисодиёт мурватлари бурала бошлади, майда ва ўрта бизнес вакилларига ишлаш имконияти яратиляпти.

Норвегияда кичик ёшдаги болалар учун ўқув муассасалари, Данияда эса сартарошхоналар очилмоқда.

Франция ва Буюк Британия ҳозирча чекловларни ушлаб турибди, бу икки давлат ҳалиям карантинда.

Парижда 11 майдан мамлакат жонлана бошлайди, деган гап-сўзлар юрибди, аммо ҳозирча “очилиш” сиёсати қайси муддатларда, қандай тартибда, қай кўринишда рўй бериши хусусидаги йўл харитаси оммага тақдим этилгани йўқ.

Бирлашган Қироллик ҳудудида эса вирусдан ҳимояланиш режими яна бир неча ҳафта давом этиши ҳақиқатга яқин.