Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖОЙИНГИЗ ЖАННАТДА БЎЛСИН, УСТОЗ!
15:20 / 2020-07-19

Бугун устоз Шукрулло юз ёшга киришига бир ой қолганда оламдан ўтди, мусулмон ҳисобида 102 ёшда эди.


Бугун устоз Шукрулло юз ёшга киришига бир ой қолганда оламдан ўтди, мусулмон ҳисобида 102 ёшда эди. Бу ҳақда хабар берган халқаро Би-Би-Си радиоси «ўзбек адабиётининг виждони оламдан ўтди» деб ёзди ва бунда муболаға йўқ.

Ўзбек адабиётининг сермаҳсул ижод соҳибларидан бири Шукрулло (Шукрулло Юсупов) 1921 йили Тошкентда дунёга келди. Бошланғич таълимни олгач, педагогика билим юрти (1935), Тошкент давлат педагогика билимгоҳида (1944) ҳамда Тошкент давлат дорулфунуни қошидаги аспирантурада таҳсил кўрди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, бадиий адабиёт нашриётида муҳаррирлик қилди.

Шукруллонинг биринчи шеъри «Бахт қонуни» 1939 йилда, дастлабки шеърий тўпламлари — «Биринчи дафтар», «Қалб қўшиқлари» 1949 йилда нашр этилди. Дастлабки салмоқли асари «Чоллар» (1948) билан у шеъриятимизда достончилик жанрини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшди. Ўзбек деҳқонларининг фидокорона меҳнати, халқлар дўстлигини куйлаш, замонамиз кишилари онгида Ватан тушунчасининг муқаддаслигини ифодалаш учун «Икки қоя», «Россия», «Тошкент, 26 тонготари», «Достонлар» (1970) каби асарларига мавзу бўлган.

Шукрулло ижодида инсоннинг маънавий камолотини куйлаш биринчи ўринда туради. У асарларида дастлаб ҳаётимиздан четда қолганларни қаттиқ қоралайди, кишиларни инсон, деган шарафли номга муносиб бўлишга чақиради, инсонни улуғловчи фазилатларнинг энг буюги — меҳнат деб билади. Унинг бу фикрлари «Ҳаёт илҳомлари», «Умрим борича», «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964) шеърий тўпламларида ўз ифодасини топган.

Шукруллонинг драматик асарлари ҳам машҳур. Унинг «Хатарли йўл», «Табассум ўғрилари» (1977), «Ўғрини қароқчи урди» (1984) драмалари республикамиз театрлари саҳнасида намойиш қилинган.

Шукрулло «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1986), шеърий мажмуаларини ҳамда «Кафансиз кўмилганлар» романини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. У ўзининг «Зарралар» тўпламида ўзбек шеъриятидаги рубоий жанрини янги мазмунда давом эттиради. Уларда ҳаёт сабоқларидан чиқариладиган катта мазмундаги хулосаларини ихчам, лўнда ифодалаб берди.

Шукрулло “Тошкент, 26 тонготари" достони учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Қатағонлик даврининг иккинчи тўлқини жабрини чеккан, Сибирга бадарға этилган ўзбек ижодкорларидан, шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни ўз бошидан кечирган жабрдийдалардан бири ҳамдир. Унинг «Кафансиз кўмилганлар» романи ана шу воқеаларнинг бадиий ифодасидир. Шукрулло ҳам ижодкор, ҳам жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоиридир.

Расул Ҳамзатов Шукрулло акага жилмайиб: «Худо сенга бир унвон беради, унинг номи – умрдир, ҳаётдир», - деган экан. Ҳақиқатан ҳам, устозни Аллоҳ унга чоҳ қазиганлардан кўра узун умр билан сийлади.

Ўлим ҳақлигини биламан мен ҳам
Дунёда икки бор ўлмайди ҳеч ким!
Ўлим ҳақ эканми, ўн бор ўлсам кам,
Сенинг эркинг учун севикли халқим.

Шоирнинг ана шу сатрлари катта ҳақиқатдир. Қачон олдига борсанг, юз ёш остонасида ҳам сўрайдиган нарсалари шу эди: «Одамлар қандай яшаяпти? Кўчада нима гаплар?».

Сўнгги лаҳзаларигача устозни теран бир ақл, жамият учун куюнчаклик тарк этмади. Халқнинг, юртнинг тақдирига масъул сезарди ўзини, зиёли инсоннинг юки оғир эканини, кечаётган жараёнларга жавобгар эканини таъкидларди.

Бир куни кирсам: “Телевидение бошлиғининг қабулхонасига телефон қилдим. Бошлиққа уламади, лекин ёрдамчисига айтдим: «Эй, гумроҳлар, эрта-кеч Абулқосим ё Регистон мадрасаси олдида иштонсиз қизлар гимнастика қилганини, рақс тушганини қўясанлар. У ерларда аёл қадами тегмаган, пирлар намоз ўқиган. Оёқ ости қилмаларинг!» - дедим”.

Бошқа гал кўрганда: “Анави шоир маданият ва спорт вазири бўлганди, аввал бир телефон қилиб соғлиқни сўради, кейин ўзим телефон қилсам ёрдамчилари доим «мажлисдалар» дейди, булар мажлисдан бошқа иш ҳам қиладими?!” «Нима ишингиз бор эди, устоз?» “Маданият ва спорт битта вазирлик бўлгани ғалати – маданият, адабиёт қалбни ўстиради, спорт танни ўстиради. Қачон қарама радио, газету журнал спортчиларни, чемпионларни кўрсатади. Мускулнинг катта бўлгани яхши, лекин қалб нима бўлади, руҳият қай аҳволда – буни ҳам ўйлашяптими?!”

Сибирдаги меҳнат лагерида бошидан кечирганлари ҳам, кўп йиллик таъқиб ва қувғинлик ҳам қалбларини қотирмаган эди, жуда меҳрибон ва шафқатли, ҳаммага яхшилик қилган инсон эди. Оғир давр ҳақида ёзишдан ҳайиқмаганди. «Кафансиз кўмилганлар» ҳамда «Тирик руҳлар» роман-хроникасида ўша даврларни тасвирлаган.

Таржималар қилган. Устоз Карло Готссининг «Бахтиёр гадолар» пьесасини, Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Шукруллонинг асарлари эса рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти, «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

Турк дунёсининг 2017 йилдаги маданий пойтахти — Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгрессида Евроосиё Ёзувчилар уюшмасининг «Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси-2016» мукофоти Шукруллога тақдим этилган эди.

Одил Ёқубовни кўп эсларди ва сўнгги йиллар Ойбек, Шайхзода ва Одил Ёқубовнинг ҳаммага яхшилик, кечиримлилик йўлини эътироф этарди: «Қачон эсламай, унинг бир фалсафаси ёдимга тушади. Одил гина билмасди, у майда гаплардан, юзаки фикрлашдан узоқ одам эди. Одилнинг ўзига хос юксак фазилати шунда эдики, ўзига ёмонлик қилган одамга ҳам ёмонлик қилишни хаёлига келтирмас, аксинча, ҳеч нарса рўй бермагандек дўстона муносабатда бўлиб кетаверарди. Кунлардан бир кун бир сабаб билан унга дедим: – Одилжон, бетайин одам бўлиб қопсизми!.. — Ҳа, Шукрулло ака, нима қилибман? — Нима қилибман дейсиз-а! Анави устингиздан ёзган, ёмонлик қилган ҳасадгўй билан бемалол улфатчилик қилиб юрибсизку! Одил гапимга хафа бўлиш, ҳайрон бўлиш ўрнига баралла кулиб: Ҳой, Шукрулло ака, сиз қизиқ одамсизда! Буни нимаси ёмон! Ахир, буни ҳаёт дейдилар! Ҳаёт ўзи шуку! Ҳаёт муроса, сабр, яхшилик, деди. Одилнинг олийжаноблиги шунда эдики, у ёмонлик қилган одамга ҳам ўрни келса яхшилик қилиб кетаверарди». Шукрулло ака ана шу авлоднинг вориси эди. Уларнинг адабиётга қўйган меҳри ҳам, сўзга муносабати ҳам, юрт учун масъулияти ҳам ўзгача эди.

Устознинг фоний дунёдаги ҳаёт йўли ниҳоясига етди. Боқий дунёси бошланди. У елкасига олишга тайёрларга сўз учун, юрт учун, эл учун масъулиятни мерос қолдирди.

Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.