Жорий йилда 11 минг 939 та кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти йўлга қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Қишлоқ хўжалиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари, кенгаш масъул ходимлари, “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти вакиллари иштирок этган тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида белгиланган вазифалар ижросига қаратилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Кенгаш томонидан жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Жорий йилда фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилинди. Жумладан, интенсив боғ, токзор ва иссиқхона ташкил қилиш, сервис хизматлари кўрсатиш, қайта ишлаш ва чорвачилик бўйича 11 минг 939 та кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти йўлга қўйилди. “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан 7 минг 427 та хонадонга 108,4 гектарлик ихчам иссиқхона қуриб берилди. 891 хонадонга 3 минг 690 қути асалари уяси, 4 минг 748 хонадонга 320 минг бош парранда, 2 минг 347 хонадон эгасига 10 минг 596 бош қўй берилди.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш орқали қишлоқлар аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи фаровонлик даражаси юқорилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштирилди. Натижада 77,5 мингдан зиёд фермер хўжалиги фаолияти таъминланди.
Тадбирда мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросига ҳам тўхталиб ўтди.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини билимини ошириш учун туман кенгашлари ҳузурида “Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари” ташкил этилди. Улар пахта-ғаллачилик фермер хўжаликларининг молиявий ва бошқа ҳисоботларини бепул амалга ошириб бермоқда. 2018 йилда 500 нафардан зиёд фермер Хитой, Голландия, Германия, Япония, Бельгия, Польша, Франция, Литва ва Австрия каби мамлакатларда билим ва малакасини ошириб қайтди.
Матбуот анжуманида фермер хўжаликлари ва томорқа хўжаликларида етиштирилаётган мева-сабзавотларни экспортга чиқариш масалалари муҳокама қилинди. Пахта мавсумига кўрилаётган тайёргарлик, мева-сабзавот экинларини етиштириш ва фермерлар фаолиятида учраётган муаммолар бўйича журналистлар томонидан берилган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб берди.