Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жиззахдонмаҳсулотлари” мавсумга шай
19:21 / 2020-05-07

Натижада карантин даврида аҳолининг ун маҳсулотига бўлган талаби қондирилиши билан бирга, бюджет тушумлари ҳам таъминланди.


Карантин даврида “Ўзбекдонмаҳсулотлари” акционерлик жамиятига қарашли Жиззах вилоятидаги корхоналарда хавфсиз меҳнат шароити яратилган ҳолда иш жараёнининг тўхтаб қолмаслигига эришилди. Натижада карантин даврида аҳолининг ун маҳсулотига бўлган талаби қондирилиши билан бирга, бюджет тушумлари ҳам таъминланди.

Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони асосида Жиззах вилояти ҳокимлиги, давлат солиқ бошқармаси, соғлиқни сақлаш ва бошқа тегишли идораларнинг кўрсатган амалий ёрдами туфайли вилоятдаги бир қатор йирик корхоналарда иш бутунлай тўхтаб қолмаслигига эришилди. Шулардан бири “Жиззахдонмаҳсулотлари” корхонасидир.

“Жиззахдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятида карантин даврида ишлаб чиқариш суръатлари пасаймади. Корхонада 280 нафарга яқин ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг меҳнати билан кунига 50 тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Арзон нархдаги бу ун аҳолиси сони инобатга олинган ҳолда тенг тақсимот қилиниб ҳудудларга етказиб берилаяпти.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги қарорига асосан карантин даврида аҳолига ун маҳсулотлари етказиб бериш тартиби ўзгарди. Эндиликда тадбиркорлик субъектлари маҳсулотни биржа савдолари орқали эмас, балки донни қайта ишлаш корхоналаридан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиб, аҳолига етказиб бермоқда. Ун нархининг ошиб кетмаслиги прокуратура қошидаги департамент ва солиқ хизмати ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Корхонада ун ишлаб чиқариш суръатини сусайтирилмаган ҳолда жорий йилги янги ҳосилни қабул қилишга тайёргарлик ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳозиргача янги ҳосил ғалласини қабул қилиш бўйича Зафаробод, Фориш, Пахтакор, Ғаллаорол, Бахмал, Шароф Рашидов туманларидаги жами 1 минг 944 та фермер хўжалиги билан шартномалар имзоланиб, омборлар мавсумга шай ҳолга келтирилди.

“Жиззахдонмаҳсулотлари” корхонасида 2020 йил мавсумида 134 минг 947 тонна ғалла қабул қилиниши режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп маҳсулотдир.