Жиззахда Олий Мажлис Сенатида қабул қилинган қонунлар муҳокама қилинди
Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ҳамда кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ҳамда кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг вилоятдан сайланган аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида доимий ишловчи сенатор Турғун Искандаров Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида кўрилган масалалар ва маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилди.
Маърузада Сенат маъқуллаган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва уни қабул қилишдан кўзланган мақсад ва ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Сенат ялпи мажлисида кўрилган масалалар ва қабул қилинган қонунлар моҳиятини аҳолига етказишда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларнинг, бу масалаларга дахлдор бўлган ташкилот ва муассаса раҳбарлари зиммасига катта масъулият юкланганига эътибор қаратилди.
Айрим қонунлар ҳақида сенаторларнинг алоҳида маърузалари тингланди. Жумладан, Сенатор Гулнора Тўраева “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида қилган маърузасида ушбу қонуннинг ўта зарурлиги, уни қабул қилишда Сенатда ўтказилган муҳокамаларга кенг тўхталди.
Ушбу қонун юзасидан муҳокамалар давомида сўз олган вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси бош шифокори Холида Алимова она сути билан озиқлантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратар экан, савдо тармоқларида сотилаётган болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу қонунда белгиланган талаблар бажарилиши устидан назоратни кучайтириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирди.
Сенатда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуни ҳақида ҳам вилоят марказий банки бошқаруви раисининг ўринбосари Олимжон Эргашев маърузаси тингланиб, муҳокама ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари 14 сентябрь куни қўшма мажлисида қабул қилинган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”ни ҳаётга татбиқ этиш тўғрисида масаласи ҳам муҳокама этилди.
Шунингдек, жорий йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарликнинг бориши ҳақида вилоят сайлов комиссияси раиси Аъзам Ихтиёровнинг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.