Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда коронавирусга қарши кураш яна кучайтирилди
10:15 / 2020-07-26

Жиззах вилоятида тез тиббий ёрдам тизимига яна 12 та “Damas” автомашинаси фойдаланишга топширилди.


Жиззах вилоятида тез тиббий ёрдам тизимига яна 12 та “Damas” автомашинаси фойдаланишга топширилди. Янги машиналар вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинди.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Эргаш Солиев коронавирус инфекцияси тарқалиши кучайиб бораётгани муносабати билан уни тўхтатишда аҳолини ҳамжиҳатликка чақириб қилган мурожаатида маълум қилди.

Вилоят тез тиббий ёрдам тизимида 112 та автомашина хизмат кўрсатаётир. Уларнинг 63 тасига GPS навигатор ўрнатилган. 3 та реанимобиль автомашинасида ЭПИД бригада аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатмоқда.

Шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ISUZU русумидаги автобус тиббий аппарат ва жиҳозлар билан жиҳозланиб, «Мобил поликлиника» ташкил қилинган.

Вилоятда фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларини зарур дори-дармон билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг олти ойи давомида жами 43 миллиард 485 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда вилоятда 12 миллиард 503 миллион сўмлик 187 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлар захираси мавжуд.

Ҳоким мурожаатида вилоятнинг шаҳар ва туманлар бўйича зарур кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар ишлаб чиқилиб, кўрилаётган тезкор чоралар маълум қилинган. Жумладан, коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштириш махсус штаби томонидан ҳар куни вилоят миқёсида 500 нафардан зиёд шахсий таркиб 60 га яқин махсус техникалар ёрдамида барча шаҳар ва туманларда дезинфекциялаш ишларини амалга оширмоқда.

Карантин тадбирлари эълон қилинган кундан бошлаб бугунги кунгача вилоятдаги барча шаҳар ва туманларга киришда 3 та йўл патруль хизмати масканлари ва 44 та карантин блокпостлар ташкил этилган бўлиб, мазкур блокпостлардан рухсатнома асосида ўтаётган қирқ мингдан зиёд автотранспорт воситалари дезинфекция қилинди.

Ҳоким мурожаатида вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот бериб, аҳолини бу оғир кунларда ҳар қачонгидан ҳамжиҳатликка, «Пандемияга қарши кураш – ҳар биримизнинг виждон ишимиз», «Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман» деган ғоя билан бирлашишга, уйда қолишга чақирди.