Жиззахда камбағалликни қисқартириш ишлари ўрганилди
Ишчи гуруҳ томонидан бу йўналишда, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ва партия масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишларни уйма-уй юриб ўрганмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари, спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов раҳбарлигидаги гуруҳ аъзолари вилоятнинг Зомин туманида бўлиб, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектлари, аҳоли томорқаларидан фойдаланишда амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ўрганишлар давомида туманда иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини амалга ошириб, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали мамлакатда камбағаллик қисқариш бўйича ишлаб чиқилган дастурий режалар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди. Бу йўналишда қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш, уларнинг ердан унумли фойдаланишларига яқиндан кўмаклашиш яхши самара бераётир.

Ишчи гуруҳ томонидан бу йўналишда, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Мисол учун, туманга 80 тонна уруғлик картошка олиб келиниб, 128 та кам таъминланган камбағал оилалар учун имтиёзли кредитлар асосида тарқатилган. Шу ташаббус билан чиққан фермер хўжаликларига бириктирилган камбағал оилалар учун ажратиб берилган ер майдонларига картошкани экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акромова, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожидин Дарханов ва партия фаоллардан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари Арнасой туманидаги барча фуқаролар йиғинларида бўлиб, мавжуд аҳволни ўрганиш учун аҳоли билан суҳбатлар ўтказди.
Тумандаги 13 маҳалла фуқаролар йиғинида 551 та эҳтиёжманд оилалар мавжуд. Шундан ойлик даромади ўртача 350,1 минг сўмдан иборат бўлган камбағал оилалардаги аҳоли сони 2 минг 358 нафарни ташкил этади.
Туманда аҳолини бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 2020 йил январ-май ойларида ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилаларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш ва суғориш воситаси учун 113 нафар фуқарога субсидия маблағлари ажратилган.
Ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганди. Юздан ортиқ аҳоли иссиқхона очиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истаги борлигини билдирган. Ишчи гуруҳнинг тавсияси билан шу куннинг ўзида туман ҳокими томонидан захирадаги ердан 68,7 гектар майдон ишсиз фуқароларга ажратиб берилди.
Аҳолининг камбағал қатламларини қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган бу ишлар Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига ҳам айнан мосдир. Айниқса, коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар шароитида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга вазифа ҳисобланади.