English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда инновацион ғоя ва ишланмалар ярмаркаси ташкил этилди
15:39 / 2017-03-14

Жиззах политехника институтида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси ўтказилди.

Жиззах политехника институтида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда илмий-техника тараққиёти ютуқларини ҳаётга кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа илмий-тадқиқот, олий таълим ва тажриба-конструкторлик ташкилотлари илмий жамоалари, тадқиқотчилари, ихтирочиларининг 200 дан ортиқ технология ва ишланмаси намойиш этилди.

Иқтисодиётнинг бугунги тараққиёт талабларидан келиб чиқиб, жаҳон андозаларига мос энергетика, энергия ва ресурстежамкор, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги биотехнологияси, атроф-муҳит муҳофазаси, кимё ва нанотехнологиялар бўйича янги технологиялар, ғоя ва ишланмалар кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмада намойиш этилган технология, ишланма ва лойиҳаларнинг йигирматасини ишлаб чиқариш тармоқларига жорий этиш юзасидан дастлабки босқичдаги келишувлар имзоланди.

– Анъанавий ўтказиб келинаётган кўргазма интеллектуал мулк эгалари билан иқтисодиётнинг реал тармоқларидаги ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишнинг муҳим воситасига айланди, – дейди ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази раҳбари Нодира Саидаҳмедова. – Шунинг учун бу кўргазмага ҳар икки томоннинг ҳам қизиқиши йилдан-йилга ортиб бораётир. Бу галги кўргазмада техник ғоялар муаллифлари ҳам, бу ғояларни ишлаб чиқаришга жорий этишдан манфаатдор бўлганлар ҳам ўз мақсадига эришди, деб ўйлайман. Бу ҳамкорлик иқтисодиётимизнинг ривожланишига хизмат қилади.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.